ЮКСАК УЮШҚОҚЛИКДА ЎТДИ

Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси туман бўлинмаси кенгаши томонидан Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг VIII қурултойи ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг VIII қурултойи иштирокчиларига табриги, шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси VIII қурултойи делегатларининг мамлакатимиз халқи, ишчи-меҳнаткашлар, касаба уюшмалари ташкилотлари ва ижтимоий шерикларга Мурожаати, янги қабул қилинган «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш юзасидан  муҳокама йиғилишлари ўтказилди.

Маълумки, Юртбошимиз Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси VIII қурултойи иштирокчиларига табрик йўлладилар. Мустақил Ўзбекистон тарихида давлат раҳбари томонидан касаба уюшмалари қурултойи қатнашчиларига илк маротаба йўлланган мазкур табрикда Ўзбекистон касаба уюшмаларининг мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги улкан ўрни ва аҳамияти эътиборга олиниб, Республикамизда 11 ноябрь санаси касаба уюшмалари куни, деб белгиланди. Соҳа учун замонавий билим ва малакага эга бўлган, ижтимоий муносабатлар назарияси ва амалиётини, бу борадаги халқаро тажрибани пухта биладиган етук кадрларни тайёрлаш мақсадида касаба уюшмалари Академиясини ташкил этиш ҳақидаги таклиф йиғилганларнинг олқишлари билан кутиб олинди.

Йиғилганларга қурултойнинг ўтказилиши бўйича, КУФК раиси Қ.Рафиқовнинг ҳисоботлари тўғрисида, Халқаро касаба уюшма ташкилотлари, касаба уюшма федерациялари ва конфедерациялари раҳбарлари, МДҲ давлатлари ижроия қўмитаси раиси, қўшни давлатлар касаба уюшмалари раҳбарлари, ХМТ директори Гай Райдернинг делегатларга табриклари тўғрисида батафсил ахборот берилди.

Учрашув иштирокчилари  Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг янги таҳрирдаги Устави, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси назорат-тафтиш комиссиясининг янги таҳрирдаги Низоми мазмуни ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг 2021-2025 йилларга мўлжалланган стратегик йўналишлари билан таништирилди.

Қурултой қарорларидан келиб чиқадиган вазифалар, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан келишиб олинди. Қ.Рафиқов томонидан илгари сурилган «Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига – 30 та иш ўрни» ташаббуси ҳам маъқулланди.

Йиғилиш сўнгида фаоллар Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси VIII қурултойи делегатларининг мамлакатимиз халқи, ишчи-меҳнаткашлар, касаба уюшмалари ташкилотлари ва ижтимоий шерикларга Мурожаати билан таништирилди ҳамда «Қурултойдан қурултойгача» фильми намойиш этилди.

Тасдиқланган режа жадвалга асосан туман халқ таълими бўлими, мактабгача таълим бўлими ҳамда бошланғич касаба уюшма қўмитаси раислари ўртасида тарғибот йиғилишлари уюшқоқликда ташкил этилди. Уларда туман халқ таълими бўлими мудири ўринбосари М.Заитов, бошланғич касаба уюшма қўмитаси раислари, ҳисобчи Н.Валиевалар қатнашдилар. Йиғилишларда касаба уюшма фаоллари ва аъзолари олдида турган вазифалар юзасидан келишиб олинди.

Мирзамаҳмуд ТЎХТАБОЕВ, Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси туман бўлинмаси кенгаши раиси.