ИЛЛАТ САРИ ЙЎЛ

Коррупция атамаси лотинчадан олинган бўлиб, пора бериб сотиб олиш, бузилиш, айниш ва таназзулга юз тутиш деган маъноларни англатади.

Ушбу иллатнинг олдини олиш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январь куни «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди ва ушбу Қонун билан коррупцияга қарши курашиш бўйича муҳим қадам қўйилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5729-сонли Фармони қабул қилинди.

Бундан ташқари, 2020 йил 29 июнь куни 6013-сонли Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони имзоланди.

Фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилиб, бир қатор ҳуқуқлар берилди.

Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида коррупция ҳақида тўлиқ маълумотни олишимиз керак бўлади. Юқоридаги норматив ҳуқуқий ҳужжатлар асосида коррупцияни етарли даражада жиловлай олишимиз мумкин. Бу борада жамиятда коррупцияга қарши муросасиз курашиш зарур. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг тизимида коррупциядан ҳоли ҳудуд жорий этилиб, очиқ адлия принципида ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, фуқаролар томонидан адлия бўлимига мурожаат қилишлари ва ўзининг ишлари қайси жараёндалиги ва бошқа маълумотларни видео, овоз ёзуви орқали кузатиши, коррупция ҳақида ишончли маълумотлар бўлса, телеграм ботлар орқали мурожаат қилишлари мумкин бўлиб, ушбу иллатга етарлича курашилаётганлигини тушунишимиз мумкин.

Абдурасул ТЎЙЧИБОЕВ, туман адлия бўлими ходими.