СЎРАГАН ЭДИНГИЗ
Саволга фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг раиси Т.РАДЖАБОВ жавоб беради.
Савол: -Қарз шартномаси ва уни расмийлаштиришга оид қандай талаблар мавжуд?
С.БОЛТАБОЕВ.
Соку МФЙ.
Жавоб: -Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 732-733-моддаларига асосан қарз шартномаси, унинг шакли тўғрисида тушунча берилган. Қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тараф (қарз олувчи)га пул ёки шу турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради. Қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб ўшанча суммадаги ёки қарзга олинган ашёларни хили, сифати ва миқдорига баровар ашёлар (қарз суммаси)ни қайтариб бериш мажбуриятини олади. Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.
Фуқаролар ўртасида қарз шартномаси агар бу қарзнинг суммаси энг кам иш ҳақининг 10 баробаридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши шарт, шартномадаги тарафларнинг бири юридик шахс бўлганида эса суммасидан қатъи назар ёзма шаклда тузилиши шарт. Қарз шартномасининг ёзма шаклига риоя қилмаслик шартномани ҳақиқий эмаслигига олиб келади. Агар қарз олувчининг тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади. Даъво аризага қарз олувчининг ўзи томонидан берилган ёзма тилхати, холис гувоҳлар иштирокида тасдиқланган бўлса, қарз суммаси ёки қарз берилган ашёларни ҳақиқатдан ҳам, қарз олувчига топширилганлиги исботланган тақдирда фуқаролик иши юзасидан даъвони қаноатлантириш ҳақида хулоса қилиш мақсадга мувофиқ бўлади.

