УЙЧИДА БИР МАРТАЛИК ТИББИЁТ ХАЛАТЛАРИ ЭКСПОРТ ҚИЛИНМОҚДА
Кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорлик, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, ишбилармонлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани туфайли иқтисодиётимиз ривожланиб, кўплаб янги иш ўринлари яратилмоқда. Айниқса, жорий йилда пандемия шароитида иқтисодиёт тармоқлари, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари узлуксиз ишлашини таъминлаш, фаолиятини вақтинча тўхтатган корхоналар фаолиятини тўлиқ тиклашга қаратилган чора-тадбирлар туфайли туманда жорий йилнинг ўтган даврида саноат маҳсулотлари, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш режалари ортиғи билан бажарилди.
Қувонарлиси, туманда ташқи савдо алоқада янги бозорга эришилди. Маълумки, тумандаги «Водий ипак гилами» қўшма корхонаси Туркия давлати билан ҳамкорликда фаолият олиб бориб, ипак гиламлари тўқиш, тикувчилик цехи фаолияти йўлга қўйилган эди. Тикувчилик цехида дастлаб тиббий ниқоблар тайёрланди. Эндиликда бир марталик тиббиёт халатлари ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилди. Корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга туман ҳокимлигининг инвестиция ва ташқи савдо бўлими ҳамкорлигида ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Қувайт давлатидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳромжон Аълоев бошчилигида Қувайт давлатининг «Fursan Alkhaleej Internatinal» компанияси ўртасида жорий йилнинг ноябрь ойида 1 млн. АҚШ долларилик экспорт шартномаси имзоланган эди. Шартномага асосан, корхона томонидан бугунги кунда бошланғич 50 минг АҚШ долларилик маҳсулот экспорти амалга оширилди. Қувайт давлати нафақат туманимиз, балки вилоятимиз учун экспортни амалга оширишда янги бозорга кириш имкониятларини яратиб бермоқда.

