ЖАЖЖИЛАРНИНГ СЕВИМЛИ МАСКАНИ
20-мактабгача таълим ташкилоти учун янги бино қурилгач, бу ерда замонавий шарт-шароитлар яратилди. Муассаса биносига кираверишдан тортиб, заллар, машғулот хоналари дид билан безатилди. Севимли эртак қаҳрамонлари, табиат тасвири муассасанинг ўзгача чирой очиши билан бирга болажонларга завқ-шавқ бағишлайди.
-Муассасамизда 260 нафар кичкинтой тарбияланади, -дейди ташкилот директори Дилбаҳор Жўраева. -9 та тўққиз соатлик, иккита қисқа муддатли гуруҳларимизда тарбияланаётган болаларга иссиқ овқат ташкил қилинган. Айниқса, нонушта, тушлик ва кечки овқатда ҳам мазали, витаминли таомлар, салатлар тайёрлаб беришга алоҳида эътибор қаратганмиз.
Ҳамшира Мавлуда Ҳамидова болалар саломатлигини доимий назоратдан ўтказиб борса, бош ошпаз Фарида Холмирзаева, ёрдамчи ошпаз Қимматхон Каримова ширин таомлар тайёрлашади, хўжалик мудири Холмирза Абдуллаев таъминот узлуксизлиги ва хоналар иссиқлигини таъминлайди. Хореограф Камола Ботиржонова қизларга рақс сирларини ўргатади. Гулбаҳор Ҳамроева, Покиза Боймирзаева, Сожида Баҳромова, Роҳатхон Тўхтамирзаева каби жонкуяр тарбиячилар болаларнинг бийрон бўлишлари учун турли машғулотлар ташкил этишади. Хуллас, муассасада жажжилар яйраб, қувнаб юришади.

