ЖИНОЯТ-ПРОЦЕССУАЛ ҚОНУНЧИЛИГИГА ҚАНДАЙ ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИЛДИ?

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 январдаги «Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунга кўра:

-суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилди;

-прокурорнинг айбловдан воз кечиши суд томонидан жиноят ишини реабилитация асосларига кўра тугатишга сабаб бўлиши белгиланди;

-эндиликда биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳукмлари устидан йигирма сутка ичида апелляция тартибида шикоят, протест берилиши мумкин бўлади;

-Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоят, Тошкент шаҳар судининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг ҳукми устидан апелляция тартибида берилган шикоят ёки протест Ўзбекистон Республикаси Олий судида кўрилади;

-апелляция инстанцияси судининг ҳукми, ажрими устидан кассация тартибида шикоят, протест берилиши мумкин бўлади;

-судланувчи содир этилган жиноятга дахлдор эмаслиги сабабли оқланган тақдирда, оқлов ҳукмининг қарор қисмида жиноят содир этган шахсларни аниқлаш ва уларни жиноий жавобгарликка тортиш учун иш прокурорга юборилиши кўрсатилади;

-кассация тартибида берилган шикоят, протест Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўрилади;

-кассация инстанцияси суди жиноят ишини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг Жиноят-процессуал кодексининг 497-17-моддасида назарда тутилган асосларга кўра киритган кассация протести бўйича кассация тартибида такроран кўриши мумкин бўлади.

Қонунчиликдаги мазкур ўзгаришлар моҳияти «бир суд бир инстанция» тамойилини акс эттирган бўлиб, ортиқча сарсонгарчиликлар камайишига хизмат қилади.

Ж.МАМУРОВ,

Наманган вилоят суди судьяси,

Н.АҲМЕДОВ, жиноят ишлари бўйича Уйчи туман судининг архив мудири.