«ИХЛОС» КИТОБЛАР ДЎКОНИ ИШ БОШЛАДИ

Азалдан маълум, адабиёт инсонни эзгуликка, камолотга етакловчи куч саналади. Мутолаага ошнолик кишини доимо маънавият ва маърифат, илму одоб чўққиси сари етаклайди. Юртимизда ёшлар ўртасида китобга бўлган меҳрни уйғотиш, мутолаа маданиятини юксалтиришга қаратилган сиёсат замирида ҳам ана шу мақсад мужассамдир.

Уйчи шаҳарчасининг қоқ марказида қад ростлаган «Ихлос» китоблар савдо дўкони яқиндагина иш бошлади. Четдан кузатган кишининг эътиборини бир нарса тортади: ён-атрофда жойлашган озиқ-овқат маҳсулотлари, савдо нуқталари, парфюмерия моллари дўконида эмас, айнан китоб дўконида харидорнинг «қайнаётгани» ҳамюртларимизнинг маърифатга бўлган эътибори-ю эҳтиромини яққол намоён этиб турибди. Шохобча эгаси Аброр Сабаралиев  фикрига қулоқ тутамиз:

-«Уйчинома» таҳририятига ишга келганимдан буён мана шундай савдо дўконининг йўқлиги мени қийнаб келарди. Шу мақсад йўлида тинмай ҳаракат қилдим. Аввало, шу мақсадимни амалга оширишда бош қўшган туман ҳокимлигига, тегишли мутасаддиларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Ёшу кекса харидорларга беминнат хизмат қилаётган дўкон ходимларининг меҳнатидан истеъмолчи мамнун. Кимдир қўлини кўксига қўйиб раҳмат айтса, яна кимдир дуога қўл очади. Бу ерда ўқув қуроллари, канцелярия молларидан ташқари, муқаддас дини-мизга оид адабиётлар кенг ассортиментда тақдим этилаётир. Қолаверса, сизни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб оласиз.

Хуллас «Юз бор эшитгандан кўра, бир бора кўрган афзал», -деган гап бор. Сиз ҳам дўконга бир бор ташриф буюрсангиз, ўтган фурсатингиз зое кетмаганига ўзингиз амин бўласиз. Абдул ҲАКИМ.