МАҲАЛЛАЛАРГА АЖРАТИЛГАН МАБЛАҒДАН МАҚСАДЛИ ФОЙДАЛАНИЛЯПТИМИ?
Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов туманимизда бўлиб, маҳаллаларга ажратилган маблағлардан фойдаланиш ҳолати ва олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Дастлаб 2-сектор ҳудудидаги «Қувурбоши» маҳалласи кўздан кечирилди. Маҳаллада 3100 киши истиқомат қилади. Аҳоли талаб-истагидан келиб чиқиб, бу ерда 310 миллион сўм эвазига 3 километр электр тармоғи янгиланмоқда, қўшимча трансформатор қўйилади. Жами 7 километр тоза ичимлик суви тармоғи тортилди. Бунинг 4,400 метри маҳаллий бюджет ҳисобидан, қолгани ҳашар йўли билан амалга оширилди. Натижада 250 та хонадон, 44-мактаб ва маҳалла аҳолиси тўлиқ тоза ичимлик суви билан таъминланди. Тўртта кўчада 6 километр йўлни шағаллаш ишлари якунланди. Вилоят ҳокими бир йилда томорқадан 3-4 мартагача ҳосил олаётган Раҳмонберди Маҳкамов ва Обиддин Отамирзаев хонадонларида ҳам бўлди ва уларнинг тажрибалари билан танишди. 4-сектор ҳудудидаги олти мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган «Оқтош» маҳалласининг «Баракот» кўчасида тўртта ички кўча шағалланади ва йўл асфальтланиши режалаштирилган. 400 метр тоза ичимлик суви тармоғи тортилмоқда. 190 миллион сўм эвазига 1,5 километр электр тармоғи уланади, янги трансформатор ўрнатилади. Бу ерда вилоят ҳокими маҳалла оқсоқоллар кенгаши аъзолари билан суҳбатлашди. Нуронийлар олиб борилаётган ислоҳотлардан мамнунликларини изҳор қилишди. 3-сектор ҳудудидаги «Умид» МФЙда ҳам ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Салкам 4,5 минг аҳоли яшайдиган мазкур маҳалланинг «Жайҳун», «Райҳон» ва «Ёғду» кўчаларида 360 миллион сўм маблағ эвазига 3 километр электр тармоғи янги қурилади, 2 дона трансформатор ўрнатилади. Шағаллаш ишлари ҳам жадал кетмоқда. «Зиёкор» маҳалласи 1-сектор ҳудудида жойлашган бўлиб, бу ерда 1,5 километр электр тармоғи тортилиши ва янги трансформатор ўрнатилиши режалаштирилган. Бу ерда ҳам ишлар бошланган. Вилоят ҳокими ташрифи давомида 1-, 2-секторлар ҳудудидаги 9, 44-мактабларда ҳам бўлди ва у ерда иссиқлик таъминоти, шароитларни кўздан кечирди. 9-мактаб фаоллар залини таъмирлаш ва кондиционер билан таъминлаш, 44-мактабга спортзал қуриш, ёшлар учун етарли шарт-шароитлар яратиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берди. Маълумот учун, ўтган йили шаҳар, туманлардаги ҳар бир секторга ҳудудидаги шароити оғир маҳаллада ҳолатни ўнглаш учун 500 миллион сўмдан маблағ ажратилганди. Бу хайрли ташаббус жорий йилда ҳам давом этмоқда.

