МУСАФФО ҲАЁТ САРИ
Юртимизда аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш борасида бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 октябрдаги «Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 787-сонли қарори шулар жумласидандир. Қарорга кўра қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш учун чиқинди қутиларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш тўғрисида бажарилиши лозим бўлган талаблар қўйилган бўлиб, бунда ҳудудларни тозалаш учун масъул бўлган жисмоний ва юридик шахслар томонидан қуйидаги тартибда мажбурий чиқинди қутилари ўрнатилиши белгиланган:
-кўп қаватли уйларнинг кириш йўлига – 1 та;
-ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ташкилотлар, шунингдек, савдо объектларининг биносига кириш (чиқиш) йўлида – 1-2 та;
-ер ости ва ер усти ўтиш жойларининг ҳар бир кириш (чиқиш)йўлида – 2 та;
-аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжлари ва ҳордиқ чиқаришини қондириш учун мўлжалланган объектларда (маданият ва истироҳат боғлари, ўрмон массивлари, боғлар, бульварлар, скверлар, хиёбонлар ва бошқалар), объектнинг ҳар 800 м2 майдонида 1 та, йўлаклар ва йўлкалар чизиғи бўйлаб ўрнатилганда, бир-биридан 40 метрдан узоқ бўлмаган масофада;
-бозорлар ва савдо объектларида (супермаркет, гипермаркет ва бошқаларда) объектнинг ҳар 250 м2 майдонида 1 та ва савдо дўконлари қатори бўйлаб ўрнатилганда, бир-биридан 10 метрдан узоқ бўлмаган масофада;
-жамоат йўловчи транспорт бекатларида – 1-2 та;
-автотураргоҳлар ва автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш майдончаларига кириш (чиқиш) йўлида – 1-2 та;
-даволаш муассасаларининг ҳовли ҳудудида, объектнинг ҳар 700 м2 майдонида 1 та, асосий аллеяларда эса бир-биридан 10 метрдан узоқ бўлмаган масофада;
-чекиш учун махсус ажратилган жойларда – 1-2 та;
-пляжлар ва сув акваториялари (дарёлар, кўллар, кўрфазлар ёки ҳовузлар)га туташ рекреация зоналарида, сув бўлинишидан 15 м. ҳамда яшил экинлардан 3 – 5 м. узоқликда жойлаштирган ҳолда, объектнинг ҳар 800 м2 майдонида 1 та;
-кўп қаватли уйлар атрофидаги ҳудудларда ва марказий майдонларда, йўлкаларда ҳамда магистраль кўчаларнинг пиёдалар зонаси бўйлаб, шунингдек, кўприкларда, ҳудуддан фойдаланиш интенсивлигидан келиб чиқиб, пиёдалар серқатнов ҳудудда ҳар 50 метрдан ошмаган масофада ва одам кам жойларда эса ҳар 100 метрдан ошмаган масофада 1 тадан чиқинди қутиси мажбурий жойлаштириши белгиланган.
Ойбек БОЛТАБОЕВ, туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси давлат инспектори.

