ОЛДИНИ ОЛАЙЛИК
Қутуриш касаллиги билан барча турдаги сут эмизувчи ҳайвонлар ва одамлар касалланади.
У – ўткир кечувчи вирус касаллиги бўлиб, асаб тизимининг оғир жароҳатланиши билан характерланади ва ўлим билан тугайди.
Касалликнинг тарқатувчиси, асосан, дайди итлар, мушуклар, ёввойи йиртқич ҳайвонлар ҳисобланади.
Одамга касаллик касал ҳайвонлар билан алоқада бўлганда ва касал ҳайвон тишлаганда сўлаги орқали ўтади.
Касалликнинг олдини олиш чора-тадбирлари – хонадонлардаги ит ва мушукларни ҳар йили бир маротаба қутуриш касаллигига профилактик эмлатишлари, хонадон эгалари янги сотиб олинган ит ва мушуклари тўғрисида 7 кун мобайнида ҳудуддаги хизмат кўрсатувчи ветеринария мутахассисига мурожаат этишлари, ушбу ит ва мушукларини қутуриш касаллигига профилактик эмлатишлари, хонадонларда боқилаётган ит ва мушукларда бирон бир ўзгариш кузатилса, зудлик билан ветеринария мутахассисига хабар беришлари шарт. Агар ит ёки мушук инсонга жароҳат етказса, зудлик билан тиббиёт муассасаларига мурожаат этиш даркор.
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумоти бўйича ҳар куни дунёда ўртача 150 нафар одам қутуриш касалидан нобуд бўлмоқда.
Давоси йўқ, натижаси ўлим билан тугалланувчи бу дардга чалинмасликнинг ягона йўли ит ва мушукларни қутуришга қарши элатишдир. Бўлимимиз мутахассислари томонидан ушбу касалликнинг олдини олиш учун тумандаги аҳоли хонадонларида боқилаётган ит ва мушуклар рўйхатга олиниб, режа асосида эмлаш тадбирлари амалга оширилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар, аввало, оила аъзоларингиз ва ён-атрофингиздагиларни ушбу давоси йўқ касалликдан ҳимоя қилиш учун «Қутуриш касаллигига қарши курашиш ойлигида» фаол иштирок этинг!
Валижон БОЛТАБОЕВ, туман ветеринария бўлими бошлиғи.

