ТАНЛОВНИНГ ВИЛОЯТ БОСҚИЧИ ҒОЛИБЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Ички ишлар вазирликлари ва яна бир қатор вазирлик ҳамда жамоат ташкилотлари қўшма қарори асосида ўтказилаётган ушбу кўрик-танловнинг асосий мақсади фуқаролар йиғинларида «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилига асосланган янги тизимни самарали жорий этиш ҳамда аҳоли осойишталигини таъминлаш, оила ва хотин-қизлар билан ишлашда натижадорликка эришиш, маҳаллаларни жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантиришдир. Наманган шаҳридаги «Шодиёна» тантаналар мажмуасида бўлиб ўтган маросимда туман, шаҳар босқичларида йигирма бешта номинация бўйича ғолибликка эришган етмиш беш нафар фидойи муносиб тақдирланди. Ғолибларга I, II, III даражали диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди. Туманимиздан «Оммавий ахборот воситаларининг энг фаол тарғиботчиси» номинацияси бўйича туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари, «Уйчинома» газетаси муҳаррири Муҳаммадали Қамбаров биринчи, «Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш бўйича энг маҳоратли мутахассис» номинацияси бўйича Баландариқ МФЙ раиси ўринбосари Кароматхон Юнусова, «Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришнинг энг жонкуяр ходими» номинацияси бўйича Истиқлол МФЙ фаоли Каримжон Маллабоев иккинчи, «Профилактика инспекторининг энг фаол ёрдамчиси» номинацияси бўйича Дониёр Турсунбоев учинчи даражали дипломлар билан тақдирланишди. Ғолибларни самимий табриклаймиз!