ФИРИБГАРЛИКНИНГ ОЛДИ ОЛИНДИ

Юртимизда аҳолини иш билан таъминлаш, фуқароларнинг ўзини-ўзи банд қилиши ва унинг натижасида турмуш фаровонлигини ошириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Афсуски, мана шундай эзгу мақсадларнинг рўёби йўлида ўз нафсини жиловлай  олмаган айрим кимсалар киссаларини ҳаром пуллар билан тўлдириш пайида бўлаётганлари ачинарли ҳол.

Яқинда жиноят ишлари бўйича туман судининг биносида Норин туман суди томонидан кўрилган суд ишида ҳам ана шундай жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Ўзаро жиноий тил бириктирган Қ.М., Т.Б., У.У.лар бир неча фуқароларнинг ишончига кириб, уларга банкдан  кредит олиб бериш эвазига 100 АҚШ долларидан пул беришларини талаб қилишган. Ушбу гуруҳ аъзолари жиноий иш устида ушланган. Уларнинг қилмиши ашёвий далиллар ва гувоҳларнинг кўрсатмасига асосан тасдиғини топди.

Суд ушбу ишни атрофлича кўриб чиқди. Айбланувчилар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддаларига биноан жазога тортилишди.

Б.ЗИЁВИДДИНОВ,

туман прокурорининг ёрдамчиси,

Ш.ҚАЮМОВ, ИЖҚК департаментининг туман бўлими бошлиғи.