ҚУЁШ ФОТОЭЛЕКТРИК СТАНЦИЯЛАРИ ВА ҚУЁШ СУВ ИСИТИШ ҚУРИЛМАЛАРИ -ИСТИҚБОЛДА

Яқинда бўлимимиз томонидан тадбиркорлик субъектлари ходимлари иштирокида семинар-тренинг бўлиб ўтди. Кун тартибидаги «Қуёш фотоэлектрик станциялари ва қуёш сув иситиш қурилмаларини ўрнатиш давлат сиёсатининг ҳозирги босқичдаги долзарб йўналишларидан бири эканлиги ҳамда унинг афзалликлари» масала юзасидан мутахассисларимиз томонидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Маълумки, юртимизда бир йилда камида 300 қуёшли кун мавжуд. Қуёш сув иситиш тизимининг фойдали тарафлари шундан иборатки, бир йиллик иссиқ сув учун харажатларни 80 фоизга, иссиқ сув тизими учун 60 фоизга қисқартириш имкониятини беради. Қуёш сув иситиш тизимининг яроқлилик муддати 25-30 йил бўлса, бошланғич қилинган харажатларнинг газ ва электр энергияси нархининг ўсиши ҳисобига олганда оқлаш муддати 3-4 йил бўлиши мумкин.

Истеъмолчилар ёқилғи-энергетика ресурсларининг сарфланишини меъёрлаш бўйича ишлар ихтисослаштирилган ташкилотларининг, илмий тадқиқот ва лойиҳалаш инcтитутларининг, маҳаллий ёки хорижий энергия аудиторларининг миллий давлат стандарти талаблари асосида энергия менеджменти тизимини татбиқ этиш ва ЁЭРнинг сарфланишини меъёрлаш йўналишлари бўйича ўқув курсларида малака оширганликлари ҳақида гувоҳномага эга бўлган мутахассислар томонидан бажарилиши ушбу тартибда кўрсатиб ўтилганлиги тушунтирилди.

Ҳозирги вақтда, асосан, гидроэлектростанциялар ишлаб чиқараётган қайта тикланувчи энергия манбалари ҳиссасига мамлакатда ишлаб чиқарилаётган электр энергияси умумий ҳажмининг атиги 10 фоизи тўғри келмоқда. Шунингдек, ниҳоятда катта салоҳият мавжуд бўлишига қарамасдан, қуёш ва шамол сингари қайта тикланувчи энергия манбаларининг имкониятларидан тўлиқ даражада фойдаланилмаётганлиги қайд этилди.

Ойбек ЖЎРАБОЕВ, «Ўзэнергоинспекция» Наманган ҳудудий бўлими етакчи мутахассиси.