ҲАДЯ ШАРТНОМАСИ НИМА?
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 502-510-моддаларида ҳадя шартномаси тўғрисида шарҳлар берилган бўлиб, унга мувофиқ бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи)га ашёни мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади ёхуд унга ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи(талаби)ни беради ёки бериш мажбуриятини олади ёхуд уни ўзи ёки учинчи шахс олдидаги мулкий мажбуриятдан озод қилади ёки озод қилиш мажбуриятини олади. Ҳадя олувчи ўзига ҳадя топширилгунга қадар истаган вақтида уни рад этишга ҳақли. Бундай ҳолда ҳадя шартномаси бекор қилинган ҳисобланади. Ҳадя шартномасининг шакли-ҳадя қилиш айни пайтда ҳадяни ҳадя олувчига топшириш оғзаки амалга оширилиши мумкин. Ҳадяни топшириш уни тақдим қилиш, рамзий топшириш (калит ва ҳакозоларни тақдим қилиш) ёки ҳуқуқни белгилайдиган ҳужжатларни тақдим этиш йўли билан амалга оширилади.
Кўчар мулкни ҳадя қилиш шартномаси.
-ҳадя қилувчи юридик шахс бўлганида;
-фуқаролар ўртасида энг кам иш ҳақининг ўн бароваридан ортиқ суммага шартнома тузилаётганда;
-шартномада келажакда ҳадя этиш ваъда қилинган ҳолларда оддий ёзма шаклда тузилиши лозим;
-кўчар мулкни ҳадя қилиш шартномаси нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим. Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автотранспорт воситаларини ҳадя килиш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак.
Ҳадя олувчи ҳадя қилувчининг унинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларининг ҳаёти ва соғлигига қарши атайлаб жиноят содир қилган ҳолларда ҳадяни бекор қилишга суд тартибида йўл қўйилади. Ҳадя олувчи ҳадя қилувчини қасддан ўлдирган тақдирда ҳадя қилувчини ворислари судда ҳадяни бекор қилишни талаб этиш ҳуқуқига эга. Агар ҳадя олувчининг ҳадя қилувчи учун катта номулкий қийматга эга бўлган ҳадя буюмга нисбатан муомаласи унинг бутунлай йўқ бўлиб кетиш хавфини солса ҳадя қилувчи ҳадя бекор этилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли. Ҳадя шартномасида ҳадя олувчи ҳадя қилувчидан олдин вафот этган тақдирда ҳадя қилувчини ҳадяни бекор қилиш ҳуқуқини шарт қилиб қўйилиши мумкин, агар ҳадя шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ҳадя шартномасига мувофиқ ҳадя беришни ваъда қилган шахснинг мажбуриятлари унинг меросхўрлари (ҳуқуқий ворислари)га ўтади.
Санобар ТЎРАБОЕВА, фуқаролик ишлар бўйича Учқўрғон туманлараро судининг судьяси.

