«ҲАЁТ – БУ ИМКОНИЯТ, УНИ БОЙ БЕРМА»
Туман ҳокимлиги, туман прокуратураси, туман ички ишлар бўлими, Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлими, туман халқ таълими бўлими ҳамкорлигида ана шу шиор остида ўтказилган маънавий-маърифий тадбир унинг иштирокчиларини ҳаётдан завқланиб яшашга ундади.
Тадбирга асосан давомати паст, фаоллиги суст бўлган ўқувчилар жалб қилинди. Белгиланган дастур асосида ўқувчилар махсус автобусда дастлаб туманимизда жойлашган ҳарбий қисмга ташриф буюришди. Бу ерда аскарлар билан суҳбатлашилди, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар йигитларнинг эътиборини тортди. Ҳарбийлар ҳаёти билан танишилди. Кейинги ташриф туман марказидаги ахборот-кутубхона маркази бўлди. Бу ерда тренинг машғулоти ўтказилди, энг яхши иштирокчиларга китоблар совға қилинди. 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида спортчилар ва жаҳон чемпионлари билан бўлган учрашув ёшларда спортга бўлган иштиёқни янада оширди. Тадбирларда бевосита туман прокурорининг ўринбосари Ҳусанбой Аҳмаджонов, вояга етмаганлар ишлари бўйича туман идоралараро комиссияси масъул котиби Шерзод Камолов иштирок этиб, ўқувчиларни рағбатлантиришди ва янги ютуқлар сари руҳлантиришди.

