БАЙРАМ ТАБРИГИ
Гўдакликка қайтгим келяпти,
Бешигимни тебратинг яна.
Қўлингизни ушлаб олса гар,
Шамоллардан рашк қилдим, она.
Гўдак бўлиб туғилсам қайта,
Уйғотмасдим сизни тунлари.
Йиғламасдим безовта қилиб,
Энг одобли гўдак бўлардим.
Кел, десангиз борардим чопиб,
Илк қадамни қўярдим шаҳдам.
Бор яхшилик мужассам сизда,
Сизда жамдир омад ҳам, бахт ҳам.
Қайдан топай сизнинг бир томчи
Ёшингизга қадри тенг зарни?
Она, сизга бугун байрамга
Совға қилай хотираларни.
Ўтираман узоқ юртларда,
Деразага қараб, ўй суриб.
Меҳрибоним, сизга ўғлингиз
Табрик битар олисдан туриб.
Заминдаги фариштам менинг,
Армон сизга бўлсин бегона.
Сизга умрим, юрагим ҳадя,
Байрамингиз муборак, она.
Она, сизга бугун байрамга
Совға қилай хотираларни… Ҳумоюнмирзо БАҲРИДДИНОВ.

