ВИЛОЯТ ҲОКИМИНИНГ САЙЁР ҚАБУЛИ

2 март куни 1-сонли касб-ҳунар мактабида вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақовнинг туманимизда сайёр қабули бўлиб ўтди.

Пастгузар МФЙда яшовчи Муқаддас Қўчқорова 6 ёшли фарзанди Жавлонбекни даволатиш мақсадида вилоят ҳокимига қилган мурожаати ҳал этиладиган бўлди. Республика шифохоналарида малакали мутахассислар кўригидан ўтказиш ва ёрдам кўрсатилиши билдирилди. Гулистон МФЙда яшовчи Малика Қодированинг Обжувоз кўчасида 250 метр масофага қўшимча электр тармоғи тортиш бўйича мурожаати ҳал этилди. Янгичек МФЙ, Дўстлик кўчасида салкам 1 км. масофага янги электр тармоғи тортиш ва бетон таянчлар ўрнатиш масаласи ечиладиган бўлди. Икки нафар электрдан қарзи юқори бўлган фуқаронинг қарздорлиги бўлиб тўланишига имконият берилди. Бояғон МФЙда яшовчи, «Темир дафтар»га киритилган Матлуба Машрапова оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотига ёрдамчи тарбиячи бўлиб ишга кирди. Деҳқон МФЙда яшовчи, «Аёллар дафтари»га киритилган Азиза Низамова ва Жамила  Хушбоеваларнинг тадбиркорлик фаолияти учун Халқ банки Уйчи филиалидан кредит олиш масаласи ҳал этилди. Шу куни туман ҳокими Муҳаммадзокир Маматхонов ҳамда тумандаги сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари томонидан ҳам сайёр қабул ўтказилди. Қабул давомида уч юзга яқин фуқаронинг мурожаати тингланди. Уй-жой, имтиёзли кредит, иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ер ажратиш, моддий ёрдам, контракт тўловини амалга ошириш ҳамда тиббий кўрикдан ўтиш, имтиёзли даволанишга кўмак сўраб қилинган мурожаатлар тегишли тартибда назоратга олинди.