ИШСИЗ ЁШЛАРГА 20 СОТИХДАН ЕР АЖРАТИБ БЕРИЛДИ
Туманда 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар 36194 нафарни ташкил қилади. Улардан 4197 нафари «Ёшлар дафтари»га киритилган. Қишлоқ хўжалигида ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш, қишлоқ жойларда янги иш ўринларини яратиш мақсадида жорий йилда туманда 1063 гектар ер майдони ажратилиши кўзда тутилган. Бу билан 5315 нафар ишсиз йигит-қизнинг бандлиги таъминланади.
Дастлаб «Бирлашган Деҳқонобод» ММТП ҳудудида жойлашган «Даврон Фурқат имкон файз» фермер хўжалигидаги 20 гектар ер майдонидан Қашқар, Кесканёр, Деҳқонобод МФЙларида истиқомат қилувчи юз нафар ишсиз ёшга йигирма сотихдан ажратиб берилди ва бу ҳақдаги махсус сертификат топширилди. Улар полиз ва сабзавот экинлари экиб, оилалари даромадини таъминлайди. Туман қишлоқ хўжалиги бўлимидан тайинланган мутахассис ёш деҳқонлар ишини кузатиб, амалий ёрдам ва маслаҳат бериб боради. Тадбирда Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси бошлиғи Иброҳим Эргашев, туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақовлар сўзга чиқиб, берилаётган бу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, йилига икки мартадан ортиқ ҳосил олишга ҳаракат қилиш ва даромадни кўпайтириш зарурлигини, бунинг учун ҳамма шароитлар яратиб берилишини таъкидладилар.

