МЕРОС МАСАЛАСИ ТУШУНЧАСИ

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1116-моддасига кўра, мероснинг очилиши мерос қолдирувчининг ўлган куни, суднинг қарори бўйича вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги суднинг қарори кучга кирадиган кун мерос очилган кун, деб ҳисобланади.

Мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек, мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлишлари  мумкин. Мерос очилган пайтда тузилиб бўлган юридик шахслар, шунингдек, давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам васият бўйича меросхўр  бўлишлари мумкин. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1145-моддасига асосан, мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан, фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга  бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар. Мерос қолдирувчининг туғишган ҳамда  ота (она) бир ота (она) бошқа ака-укалари ва опа-сингиллари, шунингдек, унинг ҳам  ота, ҳам она тарафидан бобо ва бувиси тенг улушларда қонун бўйича  иккинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар.

Мерос қолдирувчининг туғишган амакиси, тоғаси, аммаси, холаси қонун бўйича тенг улушларда учинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар.

Мерос қолдирувчининг олтинчи даражагача (олтинчи даража ҳам шунга киради) бўлган бошқа қариндошлари қонун бўйича тўртинчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Бунда яқинроқ қариндошлар, узоқроқ қариндошларга  нисбатан имтиёзли ҳуқуққа эга бўладилар.

Исломжон ҚОЗИЕВ,

фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг судьяси,

Тилобатхон АБДУРАҲИМОВА, ҳуқуқшунос.