МИРЗО УЛУҒБЕК

Тузди-ю Мирзо Улуғбек

Кўрагоний жадвалин,

Сирли осмон тоқига илк

Қўйди нарвон Ўзбегим…

                                               (Эркин Воҳидов)

Улуғбекнинг болалик йиллари бобоси Темурнинг ҳарбий юришларида ўтди. 1405 йил Хитойга қилинаётган юриш бошида Темур вафот этгач, икки йил давомида унинг авлодлари ўртасида тахт учун кураш давом этди ва бу курашда Темурнинг кенжа ўғли Шоҳрухнинг қўли баланд келди. Лекин Шоҳрух ўзига пойтахт қилиб, Ҳиротни танлаб, Мовароуннаҳр пойтахти Самарқандни эса ўғли Улуғбекка топширди.

У киши риёзиёт фанининг барча тармоқларини мукаммал эгаллаган ва шундай жиддий маҳорат кўрсатганки, кунлардан бир куни отда кетаётиб, 818 йил ражаб ойининг ўнинчи ва ўн бешинчи кунлари орасидаги (милодий 1415 йил 15-20 сентябрь) душанба куни йил мавсумининг қайси кунига муносиб келишини аниқлашини айтади. Шунга кўра хаёлий ҳисоб билан қуёшнинг тақвими ўша куни бир даража ва икки дақиқа эканлигини топади. Кейин отдан тушгач, ҳисоб тўғрилигини бу бандаи бечорадан Кошийдан сўраб, аниқлаб олдилар.

Қисқа қилиб айтмоқчиманки, у киши бу фан соҳасида ғоят катта маҳоратга эришган, юлдузшуносликка тааллуқли амалларни яхши бажаради ва чуқур далиллар билан худди керагидек исботлай олган. Улуғбекнинг устозларидан бири мунажжим Мавлоно Аҳмад бўлганлигини тахмин қилиш мумкин, чунки аллома Темурнинг саройидаги энг йирик олимлардан бўлиб, сайёраларнинг келажак икки юз йиллик тақвимлари жадвалларини туза олган. Лекин Улуғбекнинг ўзи кейинчалик асосий асари бўлмиш «Зиж»ида фақат Қозизода Румийни «устозим» деб атайди.

Дилфуза ЖЎРАБОЕВА, Республика Маънавият ва маърифат маркази Мингбулоқ туман  бўлинмаси раҳбари.