МУРОЖААТЛАР ЭЛЕКТРОН РЎЙХАТГА ОЛИНАДИ
Сўнгги йилларда нотариат институтининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш ҳамда нотариал идоралар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш сифати даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ҳозирги кунда жисмоний ва юридик шахсларни мурожаатларини қабул қилиш тўғридан-тўғри ва электрон тизим орқали қабул қилиш амалиёти жорий қилинди. Ўз ўрнида бу самарасини бериб келмоқда.
Мурожаат қилувчи битимни расмийлаштириш учун нотариал идорага ўзи келиб мурожаат қилади ёки электрон тарзда фойдаланиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари ёхуд «E-notarius.uz» ахборот порталига кириб, электрон нотариус қабули навбатига ёзилиши, шунингдек, зарур бўлган маълумотларни жўнатган ҳолда тегишли битим лойиҳасининг олдиндан тайёрлаб қўйилишини сўраб мурожаат қилиши мумкин.
Мурожаат қилувчининг электрон тармоқ орқали нотариус қабулига ёзилиш бўйича йўлланган мурожаатлари жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини навбатма-навбат қайд қилиш электрон рўйхатига автоматик тарзда қайд қилинади.
Электрон тармоқ орқали зарур бўлган маълумотларни олдиндан жўнатган ҳолда, тегишли ҳужжатларнинг тайёрлаб қўйилиши бўйича йўлланган мурожаатлари уларнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим. Битим лойиҳаси нотариус томонидан белгиланган вақтда олдиндан тайёрлаб қўйилади.
Қуйидаги ҳолларда электрон тармоқ орқали йўлланган мурожаатларни кўриб чиқиш рад этилади:
-нотариал ҳаракат расмийлаштирилиши учун зарур бўлган маълумотлар тўғри ва тўлиқ тақдим этилмаган бўлса;
-тегишли нотариал ҳаракат бўйича мол-мулкка нисбатан тақиқ (хатлов) мавжуд бўлса;
-солиқ ёки коммунал хизматлардан ёхуд Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси маълумотлар базаси орқали қарздорлик ҳолати текширилиши лозим бўлган ҳолларда қарздорлик аниқланган тақдирда;
-манфаатдор шахсларнинг аризаларига асосан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш кечиктириб ёки тўхтатиб турилган бўлса.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, нотариал хизматлар кўрсатишнинг тезкорлигини ошириш, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда, жумладан, хусусий мулк эгалари ўз мулкини эркин тасарруф этиши ва ундан фойдаланишида ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларни олиб ташлаш ҳамда соҳани рақам-лаштириш бўйича қатор мақсадли вазифаларни амалга ошириш замон талабларидан бири бўлганлигини англаган ҳолда соҳадаги ўзгаришлар юксак даражада давом этади, десак адашмаган бўламиз.
Алимардон ҲАКИМОВ, тумандаги хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус.

