«ОЛМОС» СПОРТ КЛУБИ ОЧИЛДИ

Туман марказида «Бекзод элегант» МЧЖ (раҳбари Ботиржон Муродов) томонидан «Олмос» спорт клуби фойдаланишга топширилди.

4,5 млрд. сўм маблағ эвазига бунёд этилган уч қаватли замонавий кўринишдаги бинонинг иккинчи ва учинчи қаватларида «Соф олмос» МЧЖ томонидан  фитнес, қўл жанги ва аралаш жанг санъатлари ассоциацияси (ММА) спорт турлари бўйича шуғулланиш учун барча шарт-шароитлар яратилди.

Бир млрд. сўмлик спорт жиҳозлари келтирилди. Кийиниш-ечиниш, душхоналар ташкил қилинди. Бу ерда маҳоратли тренерлар Хуршид Эргашев, Ойбек Отахоновлар машғулотларни олиб боришади.

Маросимни туман ҳокими Муҳаммадзокир Маматхонов очди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Шарқий ҳарбий округи қўшинлари қўмондони, полковник Лутфулло Бузруков, Қўл жанги бўйича жаҳон чемпиони, Ўзбекистон ММА ассоциацияси вице-президенти Мурод Хонтўраев, спорт фидойиси Расулжон Жўраевлар самимий тилаклар билдириб, уйчилик спортчи ёшларга муваффақиятлар тилашди.

Наманган гарнизонига қарашли фахрий қоровул, ҳарбий қисм махсус гуруҳининг жанговар ҳамда ҳарбий оркестрнинг чиқишлари барчада катта қизиқиш уйғотди. Туман маданият бўлими «Тарона» ашула ва рақс халқ ансамбли хонандалари маданий хизмат кўрсатишди. Маросимда сектор раҳбарлари иштирок этдилар.