СОВҒА
Ўша кун ҳеч қачон, бир умр ёдимдан чиқмайди. Кун пешиндан оғган, ташқарида қор паға-паға ёғар эди. Туғилган кунимга келган меҳмонларнинг ўйин-кулгуси орасида эшик тақиллаганини сезмай қолибман. Эшикни очиб қарасам, телпаги, уст-боши оппоқ қорга беланган дадам қўйнида гулли қоғозга ўралган ниманидир қучоқлаб турарди. Ҳаммасидан ҳам унинг нафис, пушти боғичлари эътиборимни тортди. Бу менга аталган совға эди. Тезроқ дадамнинг қўлидан совғани олиб очгим келди.
-Беринг, беринг, дадажон, нима?
-Бу совға сенга, ўқимишли катта инсон бўлгин!
Бу нарса катта муқовали, зарҳал ҳарфли китоб эди. Ундаги бир-биридан ажойиб суратлардан кўзимни ололмас эдим.
Эрталаб уйғонсам меҳмонлар кетган, ойим эса ошхонада нонушта тайёрлаётганди. Ҳали мактабга бормаганлигим учун ойимдан китобни ўқиб беринг, деб илтимос қилдим. Бу «Ўзбек халқ эртаклари» китоби эди. Шу тарзда ҳар куни уйқуга кетишимдан олдин ойим менга эртак ўқиб берарди. Мен эса ўзимни ундаги қаҳрамонлардек тутар, тушларимда эса кенжа ботирдек аждаҳо ва девлар билан олишиб чиқардим.
Мана орадан 20 йил ўтибди. Мен дадам хоҳлаганларидек ўқимишли инсон бўлдим. Олийгоҳни битирдим, ҳаётда ўз ўрнимга эга бўлдим. Дадам менга совға қилган китобни эса ҳанузгача китоб жавонимда сақлайман. У мен учун китобларим орасида энг ардоқлиси. Менинг китобга бўлган меҳрим балки шундан бошлангандир.
Қиш келиб қор ёғди дегунча, туғилган кунимда уст-боши оппоқ қорга беланган, қўйнида китоб қўлтиқлаган раҳматлик дадам кўз олдимга келади…
Райҳона ШАРИПОВА, 41-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.

