УЙЧИДА «АЁЛЛАР ФЕСТИВАЛИ»
Туманда «Аёл дунё безаги, меҳр-муҳаббат рамзи» шиори остида «Аёллар фестивали» кўтаринки руҳда ўтди.
Фестиваль туман марказидаги «Пахтакор» ўйингоҳида эрталабки спорт машғулотлари ва беш минг қадам тадбири билан бошланди. Унда мактабгача таълим бўлимига қарашли МТТларидаги ходимлар ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларидаги «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар вакиллари қатнашдилар.
2-сонли касб-ҳунар мактабида туман ҳокимлиги ахборот хизмати билан ҳамкорликда тумандаги расмий отинойилар, маҳаллалардаги нотинч оила аёллари ва ажралиш арафасида бўлган оилалар иштирокида «Меҳримиз сизга» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Туман ҳокимининг маслаҳатчиси Ҳамидахон Бозорова, вилоят Кенгаши депутати Маъмура Турғунова, ибратли қайноналар сўзга чиқиб, қайнона-келин муносабатлари, оилаларни мустаҳкамлаш мавзусида мулоҳазалар билдиришди.
«Аёллар фестивали» доирасида Ёркатай МФЙда жойлашган «Мега текстил» Туркия ҳамда «Atlant towels» МЧЖ қўшма корхоналарида ишлаб чиқариш жараён-лари билан яқиндан танишилди. Ушбу ҳудудлардаги маҳаллалардан «Аёллар дафтари»га киритилган аёлларни касбга йўналтириш бўйича тавсиялар берилди. Ишсиз аёлларни касбга йўналтириш бўйича мастер класс ўтилди.
Ўнҳаят маҳалласида томорқадан самарали фойда-ланиб келаётган Офтобхон Абдуллаева, Кимёхон Ҳамидовалар тажрибаси ўрганилди. Ҳамида Жўраева, Раънохон Акбаровалар хонадонида гулчилик йўналишида ташкил этилган иссиқхона барчага манзур бўлди.
Туман маданият маркази фойесида «Аёллар дафтари»га киритилган аёлларнинг тиббий кўриги ташкил этилди. Ажрим ёқасидаги оилаларни ижтимоий ҳимоялаш ва уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, тегишли маслаҳат бериш мақсадида сайёр қабул ҳам ташкил этилди. Бўш иш ўринларининг «Меҳнат ярмаркаси» ўтказилди. 1-мактабда «Китобхонлик» мавзусидаги тадбирда хотин-қизлар ўртасида шеърхонлик, ғазалхонлик, мушоира кечалари уюштирилди. «Аёллар маслаҳат кенгаши» фаолияти бўйича мастер класс ташкил этилди.
Туман маданият маркази билан ҳамкорликда «Аёллар дафтари»даги, жиноят содир этишга мойиллиги бор, оғир ижтимоий вазиятга тушган хотин-қизлар учун таниқли санъаткорлар иштирокида галаконцерт уюштирилди ва турли йўналишлар бўйича фаол хотин-қизлар тақдирланди. Тадбирда туман ҳокимининг ўринбосари Шуҳратжон Якуббаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Барно Мирзамова, вилоят Кенгаши депутатлари Маъмура Турғунова, Зулайҳо Атахоновалар сўзга чиқиб, самимий тилаклар билдиришди.
Фестиваль якунида тикувчилик қилиш истагида бўлган, «Аёллар дафтари»га киритилган 8 нафар аёлга Халқ банки Уйчи филиали томонидан тикув машиналари тақдим этилди.
Жамила ПЎЛАТОВА, туман АКМнинг ахборот библиография хизмати раҳбари.

