ЦИТРУС ИНЛИ КУЯСИ – ҲОСИЛДОРЛИК КУШАНДАСИ
Цитрус инли куяси, асосан, цитрус ўсимликлари(лимон, апельсин, мандарин)да ривожланади. Шу билан бир қаторда, чой, хурмо, настарин, дафна, жасмин, камфара, гардения, лигуструм каби ўсимликларга ҳам катта зарар келтиради.
Зараркунанда баргда кенг ғовак (мина) ичида ғумбак шаклида қисман қишлаб чиқади. Баҳорда, янги новда ва барглар ҳосил бўлиши билан капалаклари уча бошлайди. Қўшимча озиқланиб, урчигач, ўсиш нуқтасига яқин жойлашган баргларнинг устки тарафидан ўрта ўзагининг ёнига тухум қўя бошлайди. Яна 3-5 кундан кейин очиб чиққан қуртлар барг тўқималарини пармалаб, ўртасида жойлашган тўқималарини еб, ғовак ҳосил қила бошлайди. Зарарланган барглар хлорофилсизланиб, бурала бошлайди; у ўсишдан тўхтайди, гулини тўкиб юборади, ҳосилдорлик пасаяди. Умуман олганда, цитрус инли куясининг ривожланиши очиқ шароитда барг устида (тухум ва етук зоти) ҳамда барг ичида (қурт) ва ўрама ичида (ғумбак) ўтади.
Куянинг цитрус дарахтларига етказадиган зарари унинг зичлигига ва дарахт бардошлигига боғлиқ бўлиб, новдаларнинг қисқариши, баргларнинг камайиши ва ниҳоят ҳосилдорликнинг камайиши билан намоён бўлади.
Ўртача зарарланган дарахт назоратга нисбатан 32,1 фоиз кучли зарарланганлари эса 60 фоизгача ҳосилни йўқотар экан. Излaнишлaр вa aйрим тадқиқотларга кўрa, цитрус инли куяси билaн зaрaрлaнгaн 1 гa мaйдондa етиштирилгaн цитрус ўсимликлaр 55-70 фоиз ҳосилининг кучли зaрaрлaниши aниқлaнгaн.
Иссиқхона ва очиқ майдонларда цитрус кўчатларни экишда кўчатлар орасида ҳаво оқимини таъминлаб, уларнинг сийраклигига эътибор берилса, ҳашаротлар тарқалишининг олди олинади.
Цитрус инли куясига қарши кимёвий инсектоцидлар синаб кўрилди. Энг самарали инсектоцид сифатида вертимек (абалон, пилармектин) қайд этилди – 0,5 л/га. У тўқима ичига сингиш хусусиятига эга бўлгани учун бу ҳашаротга қарши ҳозирча энг самарали бўлиб қоляпти.
Шундай қилиб, цитрус инли куяси цитрус дарахтларига катта шикаст етказиб, ҳосилдорликни пасайтириб юборишга қодирдир. Унга қарши комплекс олдини олиш ва агротехник чоралардан ташқари ўз муддатларида (қийғос тухум қўяётган пайтда) тавсия этилган инсектоцидларни ишлатиш муваффақият гаровидир.
Исмонхон ПЎЛАТОВ,
Раҳимжон ЭРГАШЕВ, вилоят ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияси инспекторлари.

