ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИДАГИ ИШЛАР БИЛАН ТАНИШИЛДИ

Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов туманимизда ғалла парвариши ва чигит экишга тайёргарлик бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди.

Вилоят раҳбари дастлаб «Қашқалдоқ Беруний» СИУ ҳудудидаги «Машад соҳибкори» фермер хўжалигида ер тайёрлаш ва агат олиш ишларини кўздан кечирди. Тумандаги «Умрзақов Жаҳонгир», «Оролобод», «Қаҳрамон чинори», «Матлуба фарзандлари Шокиржон ва Собиржон» фермер хўжаликларида фермерлар томонидан пахта ва ғалла етиштиришда тайёргарлик бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.

Туман ҳудудида 2021 йил ҳосили учун 5286 гектар майдонга чигит экиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирда агротехник тадбирлар амалга оширилмоқда ва бунинг учун 10 та отряд ташкил этилган. Туманнинг 6425 гектарида эса ғалла етиштирилмоқда. Яна бир эътиборли жиҳати, 583 гектар майдон тумандаги кам таъминланган оила вакилларига деҳқончилик қилиш учун 10 сотихдан ер ажратиб берилиши режаланяпти. Уларга фермерлар томонидан ерни экишга тайёрлаш, кўчат ва уруғ билан таъминлаш, ниҳолларга дастлабки ишлов бериш жараёнларида ёрдам кўрсатилади.

Шу куни вилоятимиз раҳбари «Абдухалил Абубакир чорва» МЧЖ фаолияти билан ҳам танишди. Бу ерга 2020 йилда Австриядан 32 бош зотдор қора мол келтирилган. Ҳозирда уларнинг сони 62 бошга етди. Сигирларнинг ҳар бири ўртача 18 литрдан сут беради. Чорва эгаси Абдухалил Раҳимовнинг таъкидлашича, молларни парваришлаш ва озуқа етказиб бериш учун ҳар бир молга 0,5 гектардан жами 16 гектар ер зарур. Чорвадор ушбу масала юзасидан вилоят ҳокимига мурожаат қилди. Вилоятимиз раҳбарига туман ҳокими М.Маматхонов, сектор раҳбарлари ҳамроҳлик қилишди.