ҚОНУНЧИЛИК ҲУЖЖАТЛАРИ – НАЗОРАТДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 март кунидаги 6184-сонли «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Фармонига кўра, айрим ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда давлат органлари ва ташкилотларининг қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини таъминлаш борасидаги фаолиятини «Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда» рукни остида ёритиш ва муҳокама қилиш ишларини ташкил этади.
Бундан ташқари, вазирлик қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш юзасидан ўрганишлар олиб боради ва мониторинг юритади.
Вазирлик қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижро ҳолати юзасидан ўтказилган манзилли ва тематик ўрганишлар натижаси бўйича ҳар чоракда Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.
Эндиликда ҳудудий адлия бошқарма бошлиқлари ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида юридик техникумлар директорлари ҳисобланади (илгари ҳудудий адлия бошқарма бошлиқлари директор эди).
Шунингдек, нотариуслар томонидан статистик маълумотларни тақдим этиш шаклларини тасдиқлаш ва муддатларини белгилаш Нотариал палата билан келишилган ҳолда амалга оширилади (илгари вазирлик томонидан мустақил белгиланган).
Абдурасул ТЎЙЧИБОЕВ, туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси.

