ШАРҚ ХУРМОСИНИ КАСАЛЛИК ВА ЗАРАРКУНАНДАЛАРДАН АСРАЙЛИК

Ўзбекистон шароитида хурмо дарахтига ўргимчак ва қизил кана, қалқондор, узум куяси зарар етказади.

Касалликлардан бактериоз, чириш ва мева тўкилиши мумкин. Ўргимчак ва қизил каналар, асосан, баргнинг орқа томонида ҳаётини ўтказади (барг ширасини сўради), каналар ёзда, қуруқ ҳавода фаол бўлади. Шикастланган барглар рангсизла-нади, қўнғирлашади ва тушиб кетади. Дарахтлар кучли зарарланганда барглари ва мевалар тушиб кетади, ёш ғўра мевалари шу бўйича қолади.

Қалқондор дарахтнинг катта ва кичик шохларида, новдаларда, баргларда, меваларда жойлашиб, ҳаёт фаолиятини ўтказади, кучли зарарланганлари катта-катта колониялар ҳосил қилади. Ўсимликни танасидан (жойлашган еридан) ширасини сўриб олиб, уни ҳолсизлантиради ва ҳосилдорлигини кескин сусайтириб юборади.

Кулранг узум куяси асосан баргларда, новдада ва мевада ҳаёт фаолиятини кечиради. Мева косачасида кўпроқ жойлашади, кучли зарарланганда дарахтларнинг катта қисмини эгаллайди, дарахтнинг ўсиши ва ривожланиши кескин сустлашади, мевалар тўкилади, куянинг ширин ажратмасида грибоклар кўпаяди.

Хурмо дарахти зараркунандалари ва касалликларига дарахтни зарарланганлик даражасидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги тадбирлар қўлланилади:

1. Қиш даврида барча ҳашаротларга қарши (калқондор, кана, куя) дарахтларга «Препарат-30» мойи билан ишлов берилади.

2. Касалликларга қарши қиш даврида дарахтларга 1 фоизли мис купороси ёки 3 фоизли бардо суюқлиги билан ишлов берилади. Баҳорда личинкаларга қарши инсектицидлар билан яхшилаб ишлов берилади. Ёз даврида эса каналар муаммо бўлганда акарацидлардан фойдаланиш мумкин.

3. Агар фақат ўргимчак ёки қизил кана билан шикастланган бўлса, унда олтингугуртни 1:1 нисбат қилиб, тупроқ (кул) аралашмаси билан 2 маротаба ишлов бериш яхши натижа беради.

4. Ҳар хил касалликларга қарши гуллашдан олдин ва кейин 1 фоизли бардо суюқлиги билан ишлов берилади. Дарахт танаси 10 фоизли оҳак эритмасига 3 фоизли темир купороси қўшиб оқланади.

5. Қиш даврида ишлов беришдан аввал дарахт-нинг қуриган шохлари олиниб, буташ ҳам ўтказилган бўлиши лозим. Зарарланган барглар, мевалар ва шохлар боғдан йиғиб олиниб, ёқиб ташланади.

Боғда касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш юқори агротехника фонида ўтказилиши зарур, чунки агротехника тадбирларининг паст даражада ўтказилиши, касалликлар ва зараркунандалар кўпайишига сабаб бўлади. Фақат хурмо боғидагина эмас, балки ён-атрофда ҳам хас-хашакларни йиғиб, йўқ қилиб юриш лозим, чунки у ерда ҳашаротлар ин қуриб, кўпайиши ва боғга зарар етказиши эҳтимоли кўпроқ. Шунинг учун ишлов берганда ён-атрофдаги майдонга ҳам ишлов берилса натижа салмоқли бўлади.

Қ.НИЗАМОВ,

А.ОТАХОНОВ, вилоят ўсимликлар карантини давлат испекциясининг инспекторлари.