ҚАЛБАКИ ҲУЖЖАТЛАР ТАЙЁРЛАШ – ҚОНУНГА ХИЛОФ

Фуқаро А.Ш. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 мартдаги «Автомобилда юк ва йўловчиларни халқаро ташишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 202-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 32- ҳамда 33-бандларини қўпол равишда бузди. У Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан Наманган вилоятида жойлашган миллий ташувчи МЧЖга тегишли автотранспорт воситаларининг хорижий давлат ҳудуди бўйлаб ўтишига бир марталик берилган рухсатномалардан фойдаланиб бўлинганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигига қайтарилганида, қатъий ҳисобда турувчи расмий ҳужжат ҳисобланган ушбу рухсатнома бланкаларидаги ёзувларни ўчириш йўли билан бошқа ёзувларни киритиб, Наманган вилоятида жойлашган МЧЖ муҳрини босади, ушбу бланкаларни қалбакилаштиради.

Экспертиза хулосасига кўра, тақдим қилинган Украина давлатига киришга ҳамда шу ҳудудда юришга рухсат берувчи рухсатнома бланкаларида аввалги ёзувлар механик усулда ўчириш йўли билан йўқ қилинганлиги, унинг устидан бошқа ёзувлар бошқа принтер мосламалари орқали бажарилганлиги кўрилиб, содир этилган жиноят ўз тасдиғини топган.

Ҳозирда фуқаро А.Ш.га нисбатан Ўзбе-кистон Республикаси Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми «а» банди ва 228-моддаси 3-қисми қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қ.АБДУРАҲМОНОВ,

вилоят ИИБ ТХТБ ҳузуридаги тергов гуруҳи катта терговчиси, майор,

Шуҳратжон ҚАМБАРОВ, ҲПГ катта инспектори, лейтенант.