ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ ТАЪМИНЛАНЯПТИМИ?
Қонунлар ижросини самарали ташкил этиш, тизимли муаммоларни олдиндан кўра билиш, қонун бузилишининг салбий оқибатларига қарши курашиш билан бирга бундай ҳолатни барвақт бартараф этишга қаратилган тизимни шакллантириш, айниқса, долзарбдир. Афсуски, ушбу талаблар тўлақонли бажариляпти, деб бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ишчи гуруҳи аъзолари халқ депутатлари Уйчи тумани Кенгаши котибияти фаолияти билан танишиш жараёнида асосий эътиборни халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан қабул қилинаётган қарорлар ва уларнинг амалий ижросига қаратишди. Дастлаб халқ депутатлари туман Кенгаши котибияти учун яратилган шарт-шароитлар, доимий комиссиялар ва депутатлар фаолияти, меъёрий ҳужжатларнинг юритилиши билан танишилди.
Шу куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Бахадир Тажиев раҳбарлигидаги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакиллардан ташкил топган ишчи гуруҳи иштирокида фуқароларнинг мурожаатлари ўрганилди. Унда халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман Кенгашлари котибиятлари мудирлари ҳам иштирок этдилар. Йиғилишда халқ депутатлари Уйчи тумани Кенгаши томонидан қабул қилинган қарорлар ўрганилиб, муҳокама қилинди. Жумладан, тумандаги «Дедамирза Тожиддин» фермер хўжалиги раҳбари томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органи қарорларидан норози бўлиб ёзган мурожаати ишчи гуруҳи аъзолари ва фермер хўжалиги раҳбари иштирокида муҳокама этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига кўриб чиқиш учун келиб тушган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 29 январь куни қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни халқ депутатлари Наманган вилояти ва туманлари Кенгашларида муҳокама этилиб, тарғиб қилинди.
Ташрифнинг иккинчи кунида қўмита томонидан сайёр қабул ҳам ташкил этилиб, фуқароларнинг мурожаатлари тингланди ва тегишли тартибда улар назоратга олинди.
Акрамжон АБДУҒАППАРОВ, халқ депутатлари туман Кенгаши котибияти мудири.

