БУЗҒУНЧИЛАРДАН УЗОҚДА БЎЛИНГ
Бузғунчилар ўз замонасининг олим ва етакчи кишиларини тан олмайди, ўзларининг хато фикрларига ёпишиб олади, хоҳишларига қарши фикр билдирган ҳар бир одамни ҳақорат қилади, унга туҳмат уюштиради. Кўринишидан адолат ҳақида куюнчаклик қилади, ислом ҳимоясига, мусулмонларга меҳрибон бўлишга, жаннат боғларига киришга чақиради, аммо ўзлари эса турли хил зулмлар ва фасод ишларини қилишда ҳаддан ошади.
Мавжуд мусулмонлар бошлиқларига итоат этмайди, сулҳ ва аҳдларига риоя қилмайди. Улар Аллоҳ таолонинг: «Ҳукм фақат Аллоҳдандир» оятини, гўёки шахсан ўзлари учунгина ваҳий бўлиб тушгандек, суиистеъмол қилади. Хоҳлаган кишини «кофир» деб эълон қилишдан заррача қўрқмайди. Ўзлари ўзбошимчалик билан «халифа» сайлаб олишади, аммо уларнинг ҳақиқий «халифа»лари кибр ва қайсарлик тимсоли бўлган, қалбларига ўрнашиб олган, васваса қилувчи «ШАЙТОН» эканлигини идрок эта олмайди. Мусулмонларнинг қонини тўкиш ва мол мулкига тажовуз қилишни ўзига ҳалол санайди.
Тарихий манбаларда бу каби адашган тоифалар кўп учрагани, уларнинг касофатидан ислом оламида зиддиятлар пайдо бўлгани, ҳозирда ҳам мавжуд адашган тоифаларнинг ёвузликларини кўрган жаҳон афкор оммасида ислом дини ҳақида нотўғри тасаввурлар ҳосил бўлиши мумкинлиги жуда ачинарли ҳолдир. Лекин, маълумки, Аллоҳ таалонинг мукаммал дини улар қилаётган тажовузлардан аниқ покдир.
Аллоҳ таоло барчамизни динимиз таълимотларини тўғри ўрганиб, унга амал қилиб боришимизни осон этсин, соф эътиқодда бардавом айлаб, бузғунчилардан узоқда қилсин.
«Машҳад Мозор» масжиди имом ноиби А.ТУРСУНОВ тайёрлади.

