ГИЖЖА КАСАЛЛИГИ

Одамларга гижжалар турли йўллар билан юқади. Гижжа тухумлари одам организмига оғиз орқали нажасдан ифлосланган сабзавот ва мевалар билан, шунингдек, ифлос қўллар орқали тушиши мумкин. Гижжаларнинг айрим личинкалари яхши пиширилмаган гўшт ва балиқ маҳсулотларини истеъмол қилганда ҳам юқади. Болалар орасида кенг тарқалган гижжа касалликлари энтеробиоз ва гименолепидиоздир.

Энтеробиозни острица деб аталувчи паразит келтириб чиқаради. Острица оқ рангли майда паразит бўлиб, унинг узунлиги 0,5-1 см. келади. У одам ингичка ичагининг қуйи бўлимларида ва йўғон ичакда яшайди. Олдинги учи билан улар ичак деворига ёпишади. Етилган урғочилари, аксарият ҳолларда, тунда, уйқу вақтида орқа чиқарув йўлидан ўрмалаб чиқади. Бунда орқа чиқарув соҳасида қичишиш кузатилади.

Орқа чиқарув бурмаларида ҳар хил урғочи гижжа 17 мингтагача тухум қўяди. Ички кийимларга чойшабларга сўнгра эса овқатга, ўйинчоқларга, идишларга ва охири, оғизга тушади ва ютиб юборилади. Острицанинг одам организмида яшаш муддати 1-2 ой. Лекин доим ўз-ўзига юқтириш натижасида бир неча ой ва бир неча йилгача паразитлик қилиши мумкин.

Гименолепидиоз касаллигини пакана гижжа келтириб чиқаради. У одамнинг ингичка ичагида жойлашади. Гижжа тухумлари ташқарига бемор одамнинг нажаси билан ажралади. Шахсий гигиена қоидалари бузилганда тухумлар эшик дасталарига, тувакларга, ўйинчоқларга тушиши мумкин. Бу гижжа тухумлари ифлос қўллар ва пашшалар орқали овқатга қўшилади.

Бу икки хил хасталик билан оғриган беморларда иштаҳаси пасайиши, қоринда ҳар хил оғриқ пайдо бўлиши, ич бузилиши, кўнгил айниши кузатилади. Болалар инжиқ табиатли бўлиб қолади, дарсларни яхши ўзлаштира олмайди.

Кимда юқорида айтилган белгилар содир бўлса, дарҳол тиббиёт муассасасига мурожаат этиши ва врач тавсияси билан даволаш курсини олиши зарур.

Гижжа касалликлари олдини олиш учун санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш, яъни вақтида тирноқларни олиб туриш, алоҳида сочиқ тутиш, ички кийим, кўрпа-ёстиқ жилдларини дазмоллаб туриш, овқатланишдан олдин қўлларни совунлаб ювиш, ҳожатхоналарни ва хоналарни озода тутиш, дезинфекцияловчи моддалар билан ювиш лозим. Сувни қайнатмасдан истеъмол қилмаслик керак.

Ветеринария назоратидан ўтмаган гўшт ва гўшт маҳсулотларини харид қилмаслик, ишлатмаслик зарур.

Юқорида таъкидланган тавсияларни бажариш гижжа касалликларининг олдини олишга тўла имконият яратади. Бу билан ўзингизнинг ва оила аъзоларингизнинг соғлигини ҳимоя қилган бўласиз.

Гижжа касалликларининг олдини олиш мақсадида бугунги кунда Республика, вилоят ҳамда туманимизда бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмокда. Жумладан, туман СЭО ва ЖСБ паразитология лабораториясида мактаб ва боғча ёшидаги болалар, турли муассасаларда ишловчи ишчи-ходимларни гижжа касаллигининг олдини олиш ва ташхислаш мақсадида лаборатория усулида текшириб борилмоқда.

Сабохон ОРТИҚОВА,

туман СЭО ва ЖСБ паразитология бўлими мудири,

Аъзамжон ЮЛДАШЕВ, олий тоифали паразитолог врач ёрдамчиси.