ЧИҚИНДИЛАРНИНГ АТРОФ-МУҲИТГА САЛБИЙ ТАЪСИРИ

Ҳозирги кунда инсоният олдида ишлаб чиқариш жараёнида ажралган чиқиндилар экологик жиҳатдан безарар бўлган, атроф-муҳитга хавф келтирмайдиган технологияларни яратиш муаммоси турибди. Минг афсуски, ишлаб чиқариш тармоқларида ва маиший турмушда бунинг иложи бўлмаяпти. Кўплаб чиқиндиларнинг деярли барчаси зарарсизлантирилмасдан, тозаланмасдан атроф-муҳитга ташланиши ва тўпланиши содир бўлмоқда. Бунинг натижасида эса чиқиндиларнинг салбий таъсири, табиатда турли нохуш ҳолатларни юзага келтирмоқда.

Энди ҳосил бўлган чиқиндиларни ёқишда давом этаётганларга қуйидаги инсон ва табиат учун зиён ва хавфли бўлган фактларни келтириб ўтамиз.

Дўкондан нима сотиб олишингиздан қатъи назар, ҳаттоки бир дона нон ёки минерал сув бўлсин, у полиэтилен пакетда бўлса ҳам, албатта, уни алоҳида пакетга текинга ўраб беришади. Бугунги кунда истаган ўровчи материал поливинилхлориддан тайёрланиши маълум. Ундан қурилиш материаллари, мебель, идишлар, кўпгина болалар ўйинчоқларини ишлаб чиқаришда кенг қўлланилади. Бундай чиқинди-ларнинг ёниши, ҳаттоки қизиши натижасида фақатгина ис гази ва тутунлар эмас, балки бир қатор зарарли газлар, жумладан, бугунги кунда дунёга маълум бўлган, хавфли кимёвий модда ҳисобланадиган диоксинлар ҳосил бўлади. Диоксинларнинг заҳарли хусусиятларидан бири ҳужайра даражасида таъсир кўрсатишидир. У барча тирик ҳайвонлар учун ҳалокатли, кўпгина ўсимликларни нобуд қилади. Табиат ва инсон учун бўлган бундай хавфли модда бир неча ўн йиллар давомида сақланиб қолади, бу турдаги заҳарли моддалар кимёвий ва биологик парчалинишга учрамайди. Ичимлик сувига, қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун фойдаланиладиган сувга тушиб, оқава сувлар ва дарёлар ёрдамида улар катта ҳудудларга тарқалади. Организмга тушиб, бу моддалар ихтиёрий озуқа занжирига бемалол кўчиб ўтиши мумкин. Тупроқдан ўсимлик, ҳайвон ва инсонга, сувдан сувўтлари, балиқларга.

Дунё бўйича бир йилда 4 триллион дона пекет ишлатилади. Улар 1 млн. дона қуш, 100 минг денгиз сут эмизувчилари ва балиқларни нобуд қилмоқда. Ўз юртимизни, табиатимизни, Ватанимизни асраш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир. Шундай экан, агар ҳар биримиз табиатга чиқараётган чиқиндиларнинг миқдорини камайтириб, табиатимизни асрасак, биздан келажак авлодларимизга озод ва обод Ватан қолади.

Ойбек БОЛТАБОЕВ,

экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича туман инспекцияси инспектори.