ЯРИМ ЕВРОПАНИ ЯЁВ КЕЗИБ…

Урушнинг суронли даври ҳақида ҳикоя қилувчи очерк ва ҳикоялари билан машҳур рус публицисти Иван Гончаровнинг яқинда «Оловли йиллар ёди» («Память огненных лет») номли китоби қўлимга тушиб қолди. Унда кўплаб жангчилар қаторида ҳамюртимиз, уйчилик аскар Камолиддин Қодировнинг фронтда босиб ўтган йўллари батафсил ёритилган.

Камолиддин ота (охиратлари обод бўлсин) жасоратлари ҳақида ҳали хануз давраларда кўп суҳбатлар, мулоҳазалар бўлиб туради. И.Гончаровнинг ушбу очерки қаҳрамонимизнинг босиб ўтган йўлларига ойдинлик киритади. К.Қодиров даставвал 1939 йилги Рус-Фин урушидаёқ порох исини туйиб улгурганлардан. Фашизмга қарши жангга отланганда у артиллериячи сифатида тажрибали, кўзи пишган, суяги қотган жангчи эди. Унинг 55-ўқчи полки Жануби-Ғарбий фронт дивизияси таркибида бўлиб, Камолиддин отанинг шонли йўли Дон, Днепр, Дунай дарёларини кечиб ўтиш, Сталинград остонасида фельдмаршал Паулюс армиясини тормор этишдан то Украина, Молдова, Болгария, Югославия, Венгрия, Австрия тупроқларини душман чангалидан озод қилиш билан ўтди. Кўкраги шода-шода орден ва медалларга тўлди.

Муаллиф ўз очеркига айнан Камолиддин Қодировни танлагани бежиз эмасди. Чунки унинг матонати, жасорати фашизмга қарши оёққа турган совет жангчисининг ёрқин ифодаси, намунаси бўлиб хизмат қилган. Асар шу қадар ҳаётий ва таъсирчан ёзилганки, беихтиёр уни ўқиш жараёнида худди Камолиддин ота билан ёнма-ён жанггоҳларни кезиб юргандай, ўтмишнинг оловли йилларига тушиб қолгандай бўласан киши.

Камолиддин ота 1946 йил 15 апрелда хизматдан қайтди. Ҳаммага маълум ёвуз уруш туфайли халқ, мамлакат катта талофат кўрди. Мамлакатни, халқ хўжалигини тиклаш учун бир ёқадан бош чиқариб меҳнат бошланди. Халқимизда шундай мақол бор: «40 йил қиронгарчилик бўлса ҳам ажали етган ўлади». 2 та «Қизил юлдуз» орденини алоҳида жанговар меҳнатлари учун олган Камолиддин ота 2 мартагина енгил ярадор бўлди, холос. Жанговар медалларни айтмадик. 39 ёшли бақувват, кўкраги орден ва медаллар билан тўлиб турган «фронтовик» халқ хўжалигининг давлат хазинасини тўлдириш ишига туман солиқ идорасига ишга олинди. Бундай катта хизмат қилган инсон халқни олдига бемалол бора олар эди. Ўша йилларда 15 тадан ортиқ солиқ тури бор эди. Шу соҳада меҳнат қилди. Ўғилларини Камолиддин солиқчини ўғли демаса, ҳеч ким танимайди.

…Камолиддин отани кўрмаганман. Бироқ у кишининг барча фарзандлари билан яқиндан танишмиз. Уларнинг ҳар бирида отахоннинг қайсидир хислати, фазилати жо бўлган. Баъзан ОАВларда эшитиб қоламиз. Кўпгина Европа давлатлари: «Биз аллақачон урушни унутиб бўлдик. Сизлар эса ҳозиргача шу хоти-раларга ўралашиб юрибсизлар. Нима учун? -мазмунидаги фикрлар билан чиқишлар қилишади.

Уларга нима ҳам дердик. Ўтмиш борасида ҳар кимнинг ўз фикри бор. Биз учун бу урушнинг асоратлари анча қимматга тушган. Ватан ҳимояси, ўша Европа мамлакатларини озод қилиш йўлида 20 млн.дан ортиқ ўғлонлар қурбон берилди. (Қиёслаш учун: бу кўрсаткич ўша давр Марказий Осиё халқлари сонидан деярли икки баробарга кўп, дегани). Шу боис аждодлар жасорати ҳеч қачон унут бўлмайди. Йиллар ўтиб, асрлар ўтиб ҳам Камолиддин Қодировдек қаҳрамонларимизни авлодлар таниб, билиб улғайишини  истаймиз. Бу йўлда нимаики зарур бўлса, шуни қиламиз. Ҳар ҳолда, бизнинг жавобимиз шу мазмунда.

Абдул ҲАКИМ.