БИРИНЧИ ИНСТАНЦИЯ, АПЕЛЛЯЦИЯ ВА КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯЛАРИНИНГ БИР-БИРИДАН ФАРҚИ

Жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг судловига юқори судларнинг ва ҳарбий судларнинг судловига тегишли бўлган ишлардан ташқари ҳамма жиноят ишлари тегишлидир.

Биринчи инстанция судида иш юритиш фақат айблов хулосаси ёки айблов далолатномаси ёхуд тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш учун ишни судга юбориш тўғрисидаги қарор мавжуд бўлганда бошланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасида жиноят ишлари бўйича одил судловни Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари ва ҳарбий судлар амалга оширади.

Биринчи инстанция суди жиноят иши бўйича ҳукм ёки ажрим чиқариш ҳуқуқига эга. Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳукмлари ва ажримлари устидан берилган шикоятлар (протестлар) бўйича ишларни кўриб, ҳукм ёки ажрим чиқаради. Кассация инстанцияси суди биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси судининг ҳукмлари ва ажримлари устидан берилган шикоятлар (протестлар) бўйича ишларни кўриб, ажрим чиқаради.

Апелляция инстанцияси суди апелляция шикояти (протести) бўйича ҳақиқий ҳолатлар аниқланишининг тўлиқлигини ва жиноят қонуни нормалари тўғри қўлланилганлигини, иш юритишни амалга ошириш чоғида жиноят-процессуал қонун нормаларига риоя этилган-этилмаганлигини, биринчи инстанция суди ҳукмининг, ажримининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини ишда мавжуд бўлган ва апелляция инстанцияси суди томонидан қўшимча равишда текширилган далиллар бўйича текширади.

Кассация инстанцияси суди кассация шикояти, протести бўйича ишдаги мавжуд материалларга кўра биринчи инстанция ва апелляция инстанцияси судлари томонидан Жиноят кодекси нормалари тўғри қўлланилганлигини ҳамда ушбу Жиноят-процессуал Кодекси нормаларига риоя этилганлигини текширади.

А.АКБАРОВ,

жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси,

Н.АҲМЕДОВ, девонхона мудири.