МАЖБУРИЙ МЕҲНАТГА ЖАЛБ ЭТГАНЛИК УЧУН

Ўзбекистон Республикасида меҳнат ва меҳнатга оид муносабатларни тартибга солиш ҳалқаро ҳуқуқ меъёрлари, энг асосийси, Халқаро Меҳнат ташкилоти конвенциялари билан интеграциялашган ҳолда қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинади бунда энг асосоий мезон Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси ҳисобланади.

Бугунги кунда кўплаб давлат идоралари ва таш-килотларда ходимнинг иш вақти тушунчаси меъёрларига умуман амал қилинмаслиги ва ходимнинг суткасига иш вақти ўртача 9-12 соатни ташкил этиши ва бу оддий ҳолга айланиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. Ушбу ҳолатлар янгиланаётган мамлакатимизнинг халқаро ривожланишига салбий таъсир кўрсатаётгани ва бу ҳолатлар мамлакатимизни халқаро глобал рейтинг кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатиши  мумкин.

Ушбу йўналишда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 125-моддасида «Иш вақтидан ташқари ишларнинг энг кўп муддати» тушунчасига алоҳида тўхталиб ўтилган бўлиб, бунда:

-иш вақтидан ташқари ишнинг муддати ҳар бир ходим учун сурункасига икки кун давомида тўрт соатдан (меҳнат шароити оғир ва зарарли ишларда – бир кунда икки соатдан) ва йилига бир юз йигирма соатдан ортиқ бўлмаслиги лозим. Иш берувчи ҳар бир ходимнинг ҳақиқатда ишлаган иш вақтини, шу жумладан, иш вақтидан ташқари ишлаган вақтини ўз вақтида аниқ ҳисобга олиб бориши шарт. Меҳнат кодексининг 130-моддасига мувофиқ, иш берувчининг фармойиши ёки буйруғи билан дам олиш кунлари ишга жалб этишга алоҳида ҳоллардагина рухсат берилади.

Меҳнат соҳасидаги давлат бошқарувини Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Меҳнат тўғрисидаги Қонун ҳужжатларига ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилишини текшириш ва назорат қилишни қуйидагилар  амалга оширади:

1) шунга махсус вакил қилинган давлат органлари ва уларнинг инспекциялари;

2) касаба уюшмалари.

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари меҳнат тўғрисидаги Қонун ҳужжатларига риоя этилишини текширишни қонунда белгиланган тартибда амалга  оширадилар.

2021 йилнинг 30 март кунги Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва Меҳнат муносабатларида Вазирлик тизимида меҳнат қонунчилиги талабларига риоя этилишини кучайтириш тўғрисида 125-ИЧ-сонли буйруғи, вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғининг 2021 йил 7 апрель кунидаги «Ташкилотларда ходимларнинг иш вақтидан ташқари ва дам олиш кунларида ишга жалб этишда меҳнат қонунчилиги талабларига риоя этилиши бўйича» 25-сонли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида, туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори томонидан тумандаги барча корхона иш берувчиларга ташкилотларда ходимларнинг иш вақтидан ташқари ва дам олиш кунларида ишга жалб этишда меҳнат қонунчилиги талабларига риоя этилиши бўйича огоҳлантириш хатлари берилганлигига қарамасдан, тумандаги айрим корхона иш берувчилари томонидан қонунбузарлик ҳоллари аниқланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, мажбурий меҳнатга йўл қўйган шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробаридан 100 баро-барига маъмурий жаримага тортилишига сабаб бўлади.

Асқарали ТОЖИБОЕВ, туман аҳоли бандлигига кўмалашиш маркази Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори.