МУРОЖААТ МАДАНИЯТИ ҚАЧОН ЮКСАЛАДИ?
Ҳар бир мурожаатнинг ортида кишиларни қийнаётган, ўйлантираётган масалалар, ечимини кутаётган муаммолар турибди. Кимнингдир дарду ташвиши, орзу-ўйлари мужассам уларда. Хўш, мурожаат қачон қаноатлантирилган ҳисобланади?
Маълумки, мамлакатимизда мурожаатлар билан ишлашнинг мутлақо янги тизими жорий қилинди. Тўғри, Конституцияда давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида жавобгар эканлиги, ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган.
Бироқ сўнгги беш йилгача бу борада сансалорлик, қоғозбозлик ва эътиборсизликка йўл қўйиб келингани ҳам ҳеч кимга сир эмас.
Мазкур ҳолатларни эътиборга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ бир вақтнинг ўзида 3 та янги тузилма ташкил этилди.
Мақсад нима? Албатта, одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш, пировардида аҳолининг давлат ва жамиятга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, уларни ҳаётдан рози қилиш. Бу борада давлат органлари, хўжалик бошқаруви органларининг раҳбарлари ва мансабдор шахслари, барча даражадаги ҳокимлар томонидан ташкил қилинаётган сайёр қабуллар ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Энг муҳими, мазкур қабуллар қўл учида, номига ўтказилмаяпти. Муаммоларга жойида ечим топилмоқда, аҳолини қийнаётган, ўйлантираётган масалалар бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланмоқда. Мурожаатларни кўриб чиқишга масъулиятсизлик билан қараган ёки қонунчилик ижросини таъминлашга бефарқ бўлган ҳар бир масъул шахсга нисбатан эса қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлиги таъминланмоқда.
Эътибор бераётган бўлсангиз, мурожаатни кўриб чиқувчи шахс зиммасига жуда катта масъулият, ўз навбатида, жавобгарлик юкланаяпти.
Хўш, мурожаат қилувчи гарданида ҳам бирор масъулият ёки вазифа борми-йўқми? Бор. Энг аввал, мурожаатда масаланинг моҳияти аниқ баён этилиши ҳамда у туҳмат ва ҳақоратдан иборат бўлмаслиги керак. Шу билан бирга, ваколати бўйича тегишли идорага йўлланиши зарур. Бор-йўғи шу. Бу иш қийин эмас?
Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, қўйилаётган масала қаерда, қайси давлат ёки хўжалик бошқаруви идораси, қайси мансабдор шахс билан ва қачон ҳал қилиниши борасида аҳоли ўртасида тушунмовчиликлар кўп, масалан, бир фуқаро ўз мурожаатида битта ҳовлида кўпчилик яшаши туфайли ер участкаси олиб берилишини сўраяпти. Ваҳоланки, уй-жой қуриш учун ер участкаси фақат электрон «Ким ошди» савдоси орқали олиниши ёки бузилишга тушган хонадон эгаларига тўғридан-тўғри берилиши мумкин. Ёки фуқароларимиз оилавий шароити қийинлигини айтиб, нафақа тайинланишини сўраб, кўплаб юқори идораларга мурожаатлар билан чиқишади. Аслида бунга ҳожат йўқ. Чунки ушбу масала фақат маҳалла фуқаролар йиғинига ариза билан мурожаат қилишлари ва ушбу ариза пенсия бўлими орқали «Ягона ижтимоий реестр» тизими орқали ҳал қилинади. Шунинг учун дастлаб ана шу идораларга мурожаат қилиш, агар улардан ҳеч қандай жавоб ёки самара бўлмаса, кейин юқори идораларга мурожаат қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Баъзи кишилар томонидан хатнинг таъсирини кучайтириш учун битта масала юзасидан ўнлаб ташкилотларга хат йўлланади. Масалан, «Нусхаси…» дея Олий Мажлисга, Вазирлар Маҳкамасига, Бош прокуратурага каби. Аслида бу масалани маҳалла фуқаролар йиғини ёки туман тизимидаги қайси қуйи ташкилот кўриб чиқади. Дейлик, ўша хатда келтирилган рўйхатда маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳам номи келтирилган бўлса, бошқа идоралар хатни қай тартибда кўриб чиқиши керак? Ёки агар нусхаси тегишли идорага юборилган бўлса, бошқа жойда уни маълумот сифатида қабул қилиш керакми?
Умуман олганда, бундай хатлар замирида қуйи ташкилотларга ўзини кўрсатиб қўйиш истаги бордай туюлади. Яъни, маҳаллага Олий Мажлис орқали хат келса, масала тезроқ ечимини топади. Аммо юқорида айтганимиздек, «Нусхаси…» кўринишида юборилган хатлар ваколати доирасига кирмагани учун кўплаб идораларда қоғозбозлик, вақт сарфига олиб келади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, барча дара-жадаги давлат органлари фаолиятида «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган тамойилни амалда қарор топтириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш мақсадида ташкил қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари фаолияти аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Бир ўйлаб кўринг. Мулоҳазасиз, ўйланмасдан қилинган мурожаатлар қанчадан-қанча сарсонлик, оворагарчиликларни юзага келтиради. Сарф этилган ортга қайтмас вақт, кўз нурлари, электр қуввати, қоғозлар… Бунинг ҳам ҳисоби бор, исрофи бор. Бу исрофга мурожаат маданиятига риоя қилмаётганимиз сабаб бўлмаяптимикан?!
Жамолиддин НИЗОМОВ, туман Халқ қабулхонаси мудири.

