НАФАҚА ВА МОДДИЙ ЁРДАМНИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ ЎЗГАРАДИ

2021 йил 5 март санасида Вазирлар Маҳкамасининг 122-сонли қарори асосида кам таъминланган оилаларни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқлаш ҳамда уларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида янги Низом белгиланди. Мазкур Низом орқали кам таъминланган оилаларни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқлаш замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш орқали янада шаффофликни таъминлашга қаратилган бўлиб, 2021 йил 1 апрель санасидан татбиқ этила бошланди.

Мазкур қарорда болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдам, шунингдек, компенсация АТ «Халқ банки»нинг туман (шаҳар) бўлимлари орқали нақд пул шаклида ёки пул маблағларини нақд пулсиз ўтказиш йўли билан фуқароларнинг банк ҳисобварақлари (пластик карталари) орқали тўланади. Электрон тўлов рўйхатлари ҳар ойнинг 4-санасига қадар «Ягона реестр» АТ орқали АТ «Халқ банки»нинг туман (шаҳар) бўлимига тақдим этилади. Тўловнинг ўтган ойида олинмаган болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдам ва компенсация суммаси тўловнинг жорий ойи тўлов рўйхатларига киритилади ҳамда тайинланган, бироқ ўз вақтида олинмай қолган тўловлар ўтган даврларда ҳисобланган миқдорларда бутун давр учун бироқ нафақа ёки моддий ёрдамни олиш муддати тугаганидан сўнг уч ойдан ортиқ бўлмаган муддатда бир йўла тўланади.

Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа, моддий ёрдам ва компенсацияни тўлаш қуйидаги ҳолларда тўхтатилади:

Қонун ҳужжатлари билан белгиланган тайинлаш муддати тугаганда;

-ариза берувчи ёки бошқа муомалага лаёқатли оила аъзосининг яшаш жойи бўйича пенсия жамғармаси бўлимига тўлов тўхтатилишини сўраб ариза тақдим қилинганда;

-доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига кўчиб кетганда;

-«Ягона реестр» АТдаги ёки манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг ахборот тизимлари билан идоралараро электрон ўзаро ҳамкорлик тизимидаги техник носозлик натижасида, маълумотлар электрон равишда тўлиқ ёки қисман тақдим этилмаганлиги сабабли, шунингдек, аризани киритишда ва бошқа техник хатолар оқибатида нотўғри тайинланганлиги аниқланган тақдирда. Ушбу ҳолатда ўтган даврда тўланган маблағлар қайтарилмайди;

-тегишли тўловларни тайинлаш тўғрисидаги қарорга таъсир кўрсатган ариза берувчи томонидан нотўғри ва ишончсиз маълумотлар тақдим этилганлиги ёки тўлиқ тақдим этилмаганлиги аниқланганда;

-ортиқча тўловлар аниқланганда вақтинча тўхтатилади. Бунда тўловлар кам таъминланган оилага келгуси ойларда тўланиши лозим бўлган болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ёки моддий ёрдам ва компенсация учун маблағлар ҳисобига қайта ҳисоб-китоб қилингандан сўнг қайта тўловлар амалга оширилади.

Ғуломжон МЎМИНОВ, БТПЖ туман бўлими  етакчи мутахассиси.