ПЕНСИЯ ТАЙИНЛАШ ТИЗИМИ ЎЗГАРДИ ВА ТАКОМИЛЛАШАДИ

Мамлакатимизда кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоя қилишнинг самарали тизимини шакллантириш, фашизм устидан қозонилган ғалабага муносиб ҳисса қўшган фахрийларнинг моддий таъминотини янада кучайтириш мақсадида Президентимизнинг 2021 йил 11 майдаги ПФ-6224-сонли Фармонига мувофиқ, 2021 йил 10 майдан бошлаб 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, фашистлар конслагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда 2500000 сўм этиб белгиланди.

Маълумот ўрнида Гулбоғ МФЙда яшовчи фуқаро иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Мадамин Абдуллаевнинг пенсия миқдори 1330211,35 сўмдан мазкур қарорга мувофиқ 2021 йил 10 майдан 2500000 сўм этиб белгиланди.

******

2022 йил 1 июлдан бошлаб:

-давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади. Бунда пенсияга чиқиш ҳуқуқи пайдо бўлган чоғида ишламайдиган фуқароларга ўзларининг меҳнат дафтарчаларидаги меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларни Бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат қилиш орқали «Ягона меҳнат миллий тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси (кейинги ўринларда – ЯММТ ИДАК)га киритиш хизмати жорий этилади;

-давлат пенсияларини тайинлаш ЯММТ ИДАКга киритилган электрон маълумотлар асосида амалга оширилади. Бунда меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатлар Пенсия жамғармаси томонидан ЯММТ ИДАКдан фойдаланган ҳолда электрон маълумотлар алмашинуви асосида олинади;

-давлат пенсияларини тайинлаш учун фуқаролардан фақат паспорт ёки идентификация ID-картаси талаб этилади.

Алишер КАМОЛОВ, БТПЖ туман бўлими инспектори.