СОМОН ҚОЛДИҚЛАРИНИ ЁНДИРМАНГ!
Туманда айрим фермер хўжаликлари раҳбарлари, уларнинг ишчи-хизматчилари ёки бошқа ердан фойдаланувчилар ғалладан бўшаган ерларга такрорий экин экиш баҳонасида сомон қолдиқларини ёқиб юборишни одат қилиб олганлар. Ана шундай сомонни ёқувчилар натижасида атмосферага чиқарилаётган концероген ва зарарли моддалар инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши билан бирга, тупроқ структурасининг бузилишига, тупроқнинг турли хил фойдали микрорганизмлардан ташкил топган унумдор қатлами куйишига, эрозиянинг кучайиши ва натижада ҳосилдорлик камайишига сабаб бўлади. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, 1 гектар майдондаги сомон ва сомон қолдиқларининг ёқиб юборилиши оқибатида атмосфера ҳавосига 500 грамм азот оксиди, 379 грамм углеводород, 3 кг. кул, 20 кг. ис гази каби зарарли газлар ташланади. Бундан ташқари, дала четларидаги ўсимлик дунёси(жумладан, тутзорлар)га зарар етади.
Шунингдек, сомон поялари ва ўсимлик қолдиқларининг ёқиб юборилишига йўл қўйган жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 88-моддаси 3-қисми бўйича энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баробаридан 10 баробаригача бўлган миқдорда маъмурий жарима солиниши, сомон майдонлари қолдиқлари ким томонидан ёқилишидан қатъи назар, фермер хўжаликлари бошлиқлари шахсан жавобгар бўладилар. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2006 йил 25 декабрда 1647-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган «Бошоқли дон экинлари сомонини ёқиб юборилиши натижасида етказиладиган зарарни аниқлаш ҳамда ушбу ҳолатларни содир этган юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан жарималар қўллаш бўйича Низом»га мувофиқ 1 гектар майдондаги сомон қолдиқларини ёқиб юборганлиги учун 5-синф қаттиқ ва юмшоқ буғдойнинг харид нархи, ернинг бонитети ва ҳосилдорлигини ҳисобга олган ҳолда зарар суммаси тўланади.
А.АЗИМОВ,
Н.ҲАМДАМОВ,
экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича туман инспекцияси давлат инспекторлари,
А.АҲМАДЖОНОВ, туман ФВБ бошлиғи.

