СЎРАГАН ЭДИНГИЗ
Саволларга туман ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси (МваФРБ) бошлиғи, майор Э.Турдиев жавоб беради.
Савол: Хорижга чиқиш биометрик паспорти фуқароларга қанча амал қилиш муддатларига берилади?
Жавоб: -туғилган кунидан бошлаб бир ёшгача – икки йил муддатга;
-бир ёшдан 16 ёшгача – 5 йил муддатга;
-16 ёшдан ошган шахсларга – 10 йил муддатга.
Савол: Хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш чоғида маълумотларни йиғиш пунктига қандай ҳужжатлар тақдим этилади?
Жавоб: -белгиланган шаклдаги ариза-анкета;
-биометрик паспорт ёки ID-карта ёхуд 16 ёшга тўлмаган фуқаролар учун туғилганлик ҳақида гувоҳнома;
-илгари берилган хорижга чиқиш биометрик паспорти (мавжуд бўлган тақдирда);
-ваколатли органнинг қарори (хорижга чиқиш биометрик паспорти ашёвий далил сифатида олиб қўйилганида);
-процессуал мажбурлов чораси бекор қилинганлиги ҳақида тасдиқланган қарор нусхаси (хорижга чиқиш биометрик паспортнинг амал қилиши суд ажрими билан тўхтатиб турилганида);
-ҳарбий гувоҳноманинг ёки чақирув участкасида қайд этилганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси ёхуд мудофаа ишлари бўлимининг белгиланган намунадаги маълумотномаси – ҳарбий хизматга мажбурлар учун;
-давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция;
-ота-оналар, васийлар (ҳомийлар)нинг фуқаронинг хорижга чиқишига нотариал тасдиқланган розилиги – вояга етмаганлар учун;
-фуқарога ҳамроҳлик қилувчи шахснинг нотариал тасдиқланган мажбурияти – вояга етмаганлар учун.
15 ёшдан 18 ёшгача бўлган фуқаролар ота-оналар, васийлар(ҳомийлар)нинг вояга етмаган шахснинг мустақил равишда хорижга чиқишига нотариал тасдиқланган розилиги бўлган тақдирда хорижга кузатувчисиз чиқиши мумкин. Доимий яшаш учун хорижга чиқишда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган ўз ота-оналарининг ва турмуш ўртоғининг (биргаликда чиқиш ҳолатлари бундан мустасно), шунингдек, агар биргаликдаги никоҳдан вояга етмаган болалар бўлса, Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган собиқ турмуш ўртоғининг нотариал тасдиқланган розилиги, улар вафот этган ёки бедарак йўқолган ҳолларда эса – вафот этганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг ёки суднинг шахсни бедарак йўқолган деб эътироф этиш ҳақидаги қарорининг нотариал тасдиқланган нусхаси маълумотларни йиғиш пунктларига тақдим этилади.

