ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ЭРКИН ВА ФАРОВОН ЯШАЙЛИК!
Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллик юбилейи. Бу қутлуғ ва шонли айём халқимиз учун янги тарихимиздаги энг улуғ санадир. Зеро, ушбу фурсат тарих учун қисқа давр бўлса-да, бунга осонлик билан эришилгани йўқ.
Умумхалқ байрами олдидан «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!» деган ғояни ўзида мужассам этган тарғибот тадбирлари ва ижодий учрашувлар туманимизда ҳам кўтаринки руҳда давом этди. Бу тадбирлар тумандаги барча секторларда уюшган ҳолда ташкил қилинди.
Учрашувларда таниқли эстрада хонандалари Наргиза Азимова, Роҳила Рўзимова, хоразмлик Нодирабегим, уйчилик Комилжон Неъматов, «Қодирхон» сериали актёри, хонанда Зуҳриддин Адашалиев, шоир Анвар Нишонов, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри актёрлари Мусаллам Дадажонова, Равшанбек Дадажонов, Муқаддас Мамадалиева, туман маданият бўлими санъаткорлари иштирок этишди. Тошкент Халқаро ислом академияси маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Мунира Қаҳҳорова юрт тараққиёти, юксалиш, ободлик ва фаровонлик ўз-ўзидан бўлмаслиги, истиқлол инъом этган улкан имкониятлар ҳаётда ўзининг ёрқин ифодасини топаётганини алоҳида таъкидлади.
2, 3-секторлар ҳудудидаги 45-умумий ўрта таълим мактаби, 1-касб-ҳунар мактабида ташкил қилинган маънавий-маърифий, маданий, кўнгилочар тадбирларга туманнинг энг чекка ҳудудларидан «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқаролар, кекса авлод вакиллари, уюшмаган ёшлар қамраб олинди.
Ижодий учрашувларнинг якуний қисми туман марказидаги «Пахтакор» ўйингоҳида ўтказилди. Дастлаб сектор раҳбарлари томонидан Xалқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан истеъдодли, ижодкор ёшлар ўртасида расмлар ҳамда «Шонли тарихдан буюк келажак сари» мавзусида ўтказилган ижодий ишлар танловининг туман босқичида ғолибликка эришган ёшлар тақдирланди. Сўнг концерт дастури намойиш қилинди.
Тадбирларда туман ҳокими Муҳаммадзокир Маматхонов, сектор раҳбарлари иштирок этдилар.

