ЯНГИ ҒОЯ ВА ТАШАББУСЛАРГА УНДАДИ

Ёшлар билан янгича ишлаш тизими доирасида уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, иқтидор ва салоҳиятларини намоён қилиш, мотивация бериш, қалбида ёт ғояларга қарши иммунитетни шакллантириш, спортга бўлган қизиқишини уйғотиш ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, мусиқа ва санъатнинг бошқа турлари бўйича истеъдодли ёшларни аниқлаш мақсадида «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остида ёшлар фестивали ташкил қилинди.

Туман марказидаги «Пахтакор» ўйингоҳида ўтказилган фестивалда туманнинг барча маҳаллаларидан иқтидорли, истеъдодли, фаол, ташаббускор, шунингдек, «Ёшлар дафтари»га киритилган ва уюшмаган ёшлар вакиллари иштирок этдилар. Пойтахтдан ташриф буюрган таниқли хонанда Равшан Комилов, туман маданият бўлими санъаткорлари, 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабининг истеъдодли ўқувчилари томонидан тақдим қилинган концерт дастури барчага завқ-шавқ бағишлади. Сўз устаси Искандар Ҳамроқулов ҳамда актёр Ориф Султонов ҳангомлари билан йиғилганларга хуш кайфият улашишди.

Уч кун давом этган фестиваль ёшларимизни янги ғоя ва ташаббусларга ундади, юксак марралар сари дадил одимлашга даъват этди. Уйчи туман ҳокимлиги ахборот хизмати.