КАМОЛИДДИН БЕҲЗОД – ШАРҚ РАФАЭЛИ!

Мовароуннаҳр ва Хуросонда XV асрдаги Ренессанс (Уйғониш даври) вакилларидан бири, Навоийнинг шогирди, «Шарқ Рафаэли», улуғ мусаввир ва миниатюрасоз Камолиддин Беҳзоддир.

Нафақат мусулмон Шарқи халқлари, балки бутун дунё халқлари санъати тарихида сезиларли из қолдирган, унинг тараққиётига ўзининг баракали ҳиссасини қўшган забардаст мусаввир Камолиддин Беҳзод 1455 йилда Ҳиротда камбағал ҳунарманд оиласида дунёга келган. Беҳзод ота-онадан жуда эрта ажралди. Уни болалигидаёқ Ҳиротнинг машҳур мусаввири Амир Руҳилло (Мирак Наққош) ўз тарбиясига олиб, тутинган отаси бўлди ва Камолиддинга туз-нон бериб, кийим-бош билан таъминлаб, ҳар томонлама илмли қилиб вояга етказди. Ёш Камолиддин Мирак Наққош тарбиясида, унинг Ҳиротдаги Нигористонида (санъат академиясида) наққошлик ва миниатюрасозлик ҳунарининг сир-асрорларини ўрганади.

Беҳзоднинг буюк мусаввир, наққош ва миниатюрасоз бўлиб етишувининг муҳим омилларидан бири – бу унинг XV асрнинг иккинчи ярмида машҳур шоир Алишер Навоийнинг назарига тушиб, бадиий ғоявий ва эстетик жиҳатдан улуғ мутафаккир ва ҳомий даҳосидан баҳраманд бўлганлигидадир.

Санъат ва нафосатга иштиёқи ниҳоятда кучли бўлган Беҳзод ғоятда меҳнатсеварлиги, заҳматкашлиги, ўткир ақлу заковати туфайли истеъдоди кундан-кунга ортиб боради ва тез орада Ҳиротда машҳур мусаввир бўлиб танилади. Алишер Навоийнинг мактабдоши ва дўсти, подшоҳ Султон Ҳусайн Бойқаро Беҳзодни ўз ҳузурига – саройига жалб қилади, унга саройдан махсус жой ажратиб, ижодий ишлар билан шуғулланиши учун барча шароитларни муҳайё қилиб беради. 1487 йилда эса Беҳзод Султон Ҳусайн Бойқаронинг шахсий фармони билан Ҳиротдаги салтанат китобхонасига бошлиқ этиб тайинланади.

Шоҳ Исмоил Сафавий 1512 йилда Ҳиротдаги бир неча истеъдодли санъаткорларни салтанат пойтахти Табризга олиб кетади. Ҳиротдан Табризга олиб кетилганлар орасида забардаст санъаткор Камолиддин Беҳзод ва унинг бир гуруҳ истеъдодли шогирдлари ҳам бор эди. Бу пайтга келиб Беҳзод ва унинг Ҳиротдаги мусаввирлик мактабининг довруғи бутун Шарққа тарқалган эди. Беҳзод Табризда Ҳиротдан кейинги нафис тасвирий санъат (миниатюрасозлик)нинг яна бир улкан мактабини яратади.

1512-1522 йиллар Беҳзод ҳаётида оғир ва мусибатли йиллар бўлди. Бу йиллар орасида у аҳён-аҳёнда она юрти Ҳиротга ҳам бориб келиб турган. 1522 йилда Шоҳ Исмоил Сафавий махсус фармон чиқариб, Беҳзодни Табриздаги салтанат китобхонасига бошлиқ этиб тайинлайди. 1524 йилда Шоҳ Исмоил Сафавий вафот этиб, унинг ўрнини ўғли ёш шаҳзода Тахмасп эгаллайди.

1537 йилда (хижрий 942) кексайиб қолган Беҳзод Ҳиротда суюкли жияни ва шогирди Рустам Алининг ўлим тўшагида ётганлигидан хабардор бўлиб, уни кўрмоқ учун она шаҳри Ҳиротга отланади. Лекин у Рустам Али дийдорига етиша олмайди. Беҳзод Ҳиротга етиб келгунча у оламдан ўтган бўлади. Бундай жудолиқдан қаттиқ қайғурган, кекса мўйсафид Беҳзоднинг ўзи ҳам оғир хасталаниб, 1537 йилда Ҳиротда оламдан ўтади. Уни ҳам Ҳирот аҳолиси чуқур изтироб ила, зўр мотам остида шаҳар ёнидаги Кўҳи Мухтор тоғи ёнбағрига, жияни ва шогирди Рустам Алининг қабри ёнига дафн қиладилар.

Беҳзод миниатюра санъати тарихида махсус мактаб «Беҳзод мактабини» яратди. У реал ҳаёт ҳодисалари ва табиатни тасвирлаш услуби, бўёқлардан фойдаланиш воситалари, расмга олинаётган воқеаларни нозик чизиқларда ифодалаш йўллари, инсон кайфияти ва ҳаракатини акс эттира билишдаги усталиги, расм композициясининг кенглиги ва турли-туман ҳодисаларни қамраб олабилиши, ажойиб эстетик завқ уйғотиши билан миниатюра санъатини янги босқичга кўтарди, унинг тарихида янги давр яратди. Беҳзод миниатюралари унинг тириклигидаёқ ва айниқса, ундан сўнг мусулмон Шарқида ва ғарбда ҳам бу санъатнинг энг олий ютуғи деб тан олинди ҳамда энг қимматли санъат асарлари сифатида машҳур бўлиб кетди.

Беҳзод нафақат Шарқ халқлари мусаввирчилиги тарихида, балки жаҳон расм санъати тарихида ўчмас из қоддирган, ўзининг ажойиб ва қимматбаҳо миниатюра дурдоналари билан бутун дунё маданияти тарихида салмоқли ўрин олган буюк ва забардаст санъаткордир.

Баҳромжон ХОТАМОВ, Республика Маънавият ва маърифат маркази Косонсой туман бўлинмаси мутахассиси.