КЎРИНМАС БАЛО

Вилоятимизда ОИВ вирусини юқтириб олганлар ва ҳисобда турувчилардан 580 киши ҳаётдан кўз юмди. ОИВ ВИЧ касаллигининг Республикамиз аҳолиси ўртасида тарқалишининг олдини олиш мақсадида давлатимиз томонидан 2019-2021 йилларга мўлжалланган давлат дастури ишлаб чиқилган.

ОИТС кенг тарқалишининг олдини олиш бўйича энг кучли ишончли тадбир аҳоли ўртасида тарғиботни кучайтириш. Хасталик тўғрисида тўла тушунча бериш, вируснинг юқиш йўллари, сақланиш  чоралари ҳақида маълумотлар бериш ҳисобланади.

Ҳар йили 26 июнь Бутунжаҳон гиёҳвандликка қар-ши кураш куни ва 1 декабрь ОИТСга қарши курашиш кунига бағишлаб аҳоли ўртасида, олий ўқув юртлари, коллеж, лицей, умумтаълим мактабларида анкета, савол-жавоб кечалари, диктант, иншолар расмлар танлови ўтказилади.

Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2003 йил 25 августдаги 365-сонли «Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низоми»га асосан 2004 йилнинг январь ойидан бошлаб ҳар бир оила қурувчи ёш никоҳдан аввал тиббий кўрик даврида, албатта, ОИВ/ОИТС инфекциясига таҳлилдан ҳам ўтиши (эпидемиологик зарурият бўлганда) кўрсатилган. Бўлажак оила учун соғлом турмуш қуриш ҳар бир ёшнинг бахт-саодатидир. Тиббий кўрикдан ўтиш пайтида ҳеч қандай навбат кутиш, қийинчиликлар ва бошқа сунъий тўсиқлар қўйилмайди.

Шу ўринда ёшларимизга икки оғиз эслатма бериб ўтмоқчимиз. Ҳеч қачон бир лаҳзали ҳирсий туйғуни қондиришга шошилманг. Аёлларга, қизларга хос бўлган ҳаё ва ибони унутманг. Аёл деган юксак номга доғ туширмасликни доимо ёдда сақланг. Бу билан сиз ўзингизнинг энг катта неъматингиз – сиҳат-саломатлигингизни сақлаган бўласиз, жамиятимиз эса соғлом, пок ниятли, дунёқараши ўткир, имони бутун, меҳр-оқибатли деб аталмиш инсоний фазилатли кишиларга бой бўлади.

Иброҳимжон ҲАМИДОВ,

Мирзаакбар КАРИМОВ, вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази мутахассислари.