ЛУТФИЙ
Мавлоно Лутфий XIV-XV асрлардаги ўзбек мумтоз адабиётининг атоқли намояндаси бўлиб, ўзининг ўзбек ва форс-тожик тилларидаги асарлари билан Шарқда катта шуҳрат қозонган сўз санъаткоридир. Шоирнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида замондошлари Давлатшоҳ Самарқандий, Шамсиддин Сомий, Хондамир, Абдулла Қобулий каби тазкиранависларнинг асарларида муҳим қайд ва мулоҳазалар учрайди. Хусусан, Лутфийни яқиндан билган, у билан устоз ва шогирдлик рутбаси билан боғланган Алишер Навоий асарларида келтирилган маълумотлар ғоят қимматлидир.
Шарқ адабиёти тарихида Лутфий тахаллуси билан асарлар яратган ижодкорлар кўпгина бўлиб, «Қомус ул-аълам» асарида улардан айримлари санаб ўтилган. Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий билан яқин мулоқотда бўлиб, ўзининг асарлари билан Хуросон ва Мовароуннаҳр адабий муҳитида чуқур из қолдирилган Мавлоно Лутфий «Малик ал-калом», яъни «Сўз подшоси» (Алишер Навоий) унвони билан шуҳрат қозонди.
Лутфуллоҳ Лутфий Алишер Навоий «Мажолис ун-нафоис» асарида гувоҳли беришича, 99 йил умр кўрган. Шоирнинг замонига оид манбалардаги маълумотлар асосида унинг таваллуд санаси 1366 йил деб кўрсатилган. Лутфий бошланғич таҳсилдан кейин мадрасаларда ўз даврининг дунёвий ва шариат билимларини чуқур ўрганади. Сўнгра эса тасаввуф бобида малака ҳосил қилишга киришади. Бу ҳақда Алишер Навоий қуйидагиларни қайд этади: «Мавлоно йигитлигида улуми зоҳирийни такмил қилғондин сўнгра Мавлоно Шаҳобиддин Хиёбоний қошида сўфия тариқатида ҳам сулук қилғондур». Шаҳобиддин Хиёбоний ўз даврининг кўзга кўринган мутасаввуф шайхларидан бўлиб, унинг «Қуръони карим»га ёзган шарҳлари ҳам мавжуд эди. Лутфий ана шу алломадан тасаввуф таълимини олиб, кенг ва чуқур билим соҳиби бўлиб етишди.
Мавлоно Лутфийдан бизгача салмоқлигина адабий мерос етиб келган бўлиб, унинг катта лирик асарлар ташкил қилади. Лутфийнинг лирикадаги серқирра ижоди ҳақида Алишер Навоий «Мажолис ун-нафоис» асарида қуйидагиларни ёзади: «Мавлоно Лутфий ўз замонасининг «Маликул-калом»и эрди. Туркий ва форсийда беназир эрди, аммо туркийда шуҳрати кўпроқ эрди ва туркча девони машҳур». Шоирнинг форсий тилдаги асарларини тўплаб девон тузгани бизга маълум бўлмаса-да, унинг бу тилда ҳам катта маҳорат билан ижод қилинганлигини замондошлари муносиб баҳолаган эдилар.
Лутфийнинг адабий мероси орасида достонлар алоҳида ўрин эгаллайди. Шулардан бири 1411 йилга яратилган «Гул ва Наврўз» достонидир.
Лутфийнинг она тилидаги лирик асарларидан иборат девони ўз давридаёқ Хуросон ва Мовароуннаҳрдан ташқари туркий тилда сўзлашувчи кўпгина ўлкаларга ҳам кириб борган эди. Кейин бу ҳудуд янада кенгайиб борди. Шоир девонининг Республикамиздан ташқари кўпгина мамлакатлар кутубхона хазиналарида сақланаётган қўлёзмалари шундан далолат беради. Республикамизда Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти, шунингдек, қўлёзмалар институти фондларида Лутфий девонининг ўнлаб нодир нусхалари сақланади. Ушбу манбалар девоннинг Лондон ва Париж нусхалари билан қиёсий танқидий ўрганилиб, шоирнинг қатор «Сайланма» нашрлари яратилди. 1987 йилда Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида чоп этилган Лутфийнинг «Сенсан севарим» номли тўплами сўнгги ўн йиллиқда нашр этилган девонидир.
Шоир лирикасида ҳаёт завқлари, табиат гўзалликларидан баҳраманд бўлиш, шодлик ва тарона оҳанглари билан бир қаторда инсон қадрияти ва унинг орзу-умидларини оёқ ости қилувчи «кажрафтор чарх», «сергина фалак», «жаҳолатпеша одамлар»дан озурдаҳоллик кайфиятлари ҳам юз кўрсатади. Бундай тасвирларда шоир ўзини ўраб турган ҳаётга ҳар жиҳатдан яқинлашиб боради.
Лутфий 1465 йилда ўз манзилгоҳи бўлган Деҳиканорда вафот этган. Навоийнинг хабар беришича, Мавлононинг қабри ҳам ўша ердадир.
Кейинги асрларда Лутфий маҳоратининг таъсир доираси тобора кенгайиб борди. Фузулийнинг Лутфий ғазалларига кўплаб назиралари, қатор мухаммаслари маълум. Машраб Лутфийнинг «хоҳ инон, хоҳ инонма» радифли ғазалининг матлаидан тазмин йўли билан фойдаланиб, бутун бошли янги бир ғазал яратган.
Республикамизда шоир номи билан аталган кўча, мактаб ва кутубхоналар унинг хотирасига абадийлик бахш этиб келмоқда.
Аҳрорбек АКБАРОВ, ЎзМТДП вилоят кенгаши раиси ўринбосари, маърифат тарғиботчилари жамияти аъзоси.

