ШАФФОФЛИК НАМУНАСИ
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят процессуал қонунчилигига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, жиноят ишлари бўйича айбга иқрорлик тўғрисида келишув жорий қилинди.
Қонун билан Жиноят процессуал кодексига киритилган қўшимчаларга кўра:
-кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш;
-жиноят иши бўйича дастлабки эшитув;
-айбга иқрорлик тўғрисида келишув институтлари жорий қилинди.
Кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш гувоҳ ва жабрланувчини ишни судга қадар юритиш босқичида прокурорнинг илтимосига кўра сўроқ қилиш бўлиб, у суд томонидан амалга оширилади.
Гувоҳ ва жабрланувчини объектив сабабларга кўра кейинчалик сўроқ қилиш мумкин бўлмай қоладиган ҳолларда, уларнинг кўрсатувлари олдиндан мустаҳкамлаб қўйилиши мумкин.
Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув – жиноят ишини тўхтатиб туриш, тугатиш, бирлаштириш, айблов далолатномаси ёки хулосасини, тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги қарорни прокурорга юбориш ҳамда номақбул далилларни чиқариб ташлаш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда ўтказилади.
Шунингдек, Жиноят процессуал кодексга киритилган ўзгартиришларга кўра, ушлаб туриш муддати шахс амалда ушланган пайтдан эътиборан кўпи билан 48 соатни ташкил этади (илгари ушбу муддат шахс ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга келтирилган вақтдан бошлаб ҳисобланган).
Ҳимоячи иштирок этиши шарт бўлган ҳолатлар тоифасига қуйидагилар киритилди:
-дастлабки эшитув ўтказилаётган ишлар;
-ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларга оид ишлар;
-шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётган;
-айбига иқрорлик тўғрисида келишув тузилган ишлар.
Қонун билан Жиноят кодексига киритилган қўшимчага кўра, айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузилган жиноятлар бўйича жазо белгиланган энг кўп жазонинг ярмидан ошмаган ҳолда тайинланади.
А.АКБАРОВ,
жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси,
Н.АҲМЕДОВ, девонхона мудири.

