ЎРТА ОСИЁ ЖАДИДЧИЛИК ОТАСИ

Маҳмудхўжа Беҳбудий ХХ аср бўсағасидаги Туркистон ижтимоий-сиёсий ҳаракатчилигининг энг йирик намояндаси, янги давр ўзбек маданиятининг асосчисидир. Туркистон жадидларининг тан олинган раҳнамоси, мустақил жумҳурият ғоясининг яловбардори, янги мактаб ғоясининг назариётчиси ва амалиётчиси, ўзбек драматургиясини бошлаб берган биринчи драматург, театрчи, ношир, журналист. У тарихимизнинг ғоят оғир ва мураккаб бир даврида яшади. XVI асрдан бошланган инқироз ва турғунлик, ўзаро жанжал, маҳаллий уруғчилик низолари миллатни ҳолдан тойдирган, имкондан фойдаланиб ўлкани забт этган Русия зўр бериб, уни турғун ва тутқун сақлашга уринарди. Мана шундай бир шароитда Ватанни бутунлай йўқ бўлиш хавфидан сақлаб қолиш, авлодларни эрк ва озодлик, мустақиллик руҳида тарбиялаш, маърифат ва тараққиётта бошлаш жадидлар номи билан тарихга кирган Беҳбудий бошлиқ фидойилар зиммасига тушди.

Туркистонда «Усули жадид», «Усули савтия» ном-лари билан шуҳрат топган янги мактабни шулар ташкил қилиб, биринчи бўлиб замонавий мактаб ғоясини илгари сурдилар. Улар ўз ҳисобларидан мактаблар очиб, ёш авлодни истиқлолга тайёрладилар, шеър ва мақолалар, саҳна асарлари орқали миллий онгни шакллантиришга, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини сингдиришга уриндилар. Русия қонунлари имкон берган даражада Туркистон мусулмонларининг шаъну шавкатини ҳимоя қилдилар, инқилоб йилларида эса мустақиллик байроғини баланд кўтардилар.

Маҳмудхўжа Беҳбудий мана шу Туркистон жадидчилик ҳаракатининг асосчиси, бошлаб берувчиси эди. У 1875 йилнинг 19 январида Самарқанд яқинидаги Бахшитепа қишлоғида, руҳоний оиласида дунёга келган. Отаси Беҳбудхўжа Солиҳхўжа ўғли туркистонлик, Аҳмад Яссавийнинг авлодларидан, она томонидан бобоси Ниёзхўжа урганчлик бўлиб, амир Шоҳмурод замонида (1785-1800) Самарқандга келиб қолган. 1894 йилда отаси, имом-хатиблик билан шуғулланиб келган Беҳбудхўжа вафот этади. Ёш Маҳмудхўжа тоғаси қози Муҳаммад Сиддиқ тарбияси ва қарамоғида ўсиб вояга етади. Араб сарфу наҳвини кичик тоғаси Мулла Одилдан ўрганади. 18 ёшида қозихонада мирзолик қила бошлайди. Ўз устида қунт билан ишлаб, шариатнинг юксак мақомлари – қози, муфти даражасигача кўтарилади. Ёш Маҳмудхўжа дунёқарашининг шаклланишида Русия жадидчилик ҳаракатининг асосчиси Исмоилбек Гаспринскийнинг хизмати катта бўлган. У 1892 йилда Туркистондаги мактабларни ислоҳ килиш, «усули савтия»ни жорий этиш таклифи билан генерал губернатор Н.О.Розенбахга мурожаат этади. Жавоб олмагач, 1893 йилда ўзи Тошкентга келди. Самарқанд, Бухорода бўлди. Маҳаллий халқ билан гаплашиб, дастлабки янги усул мактабларни очишга муваффақ бўлди. Беҳбудий ўз хотираларида устози билан учрашувларини ихлос ва муҳаббат билан тилга олади.

1899-1900 йилларда Беҳбудий ҳаж сафарига боради. Дунё кўриш изсиз кетмайди. Сафар янги мактаб ҳақидаги қарашларини мустаҳкамлайди. Унинг ташаббус ва ғайрати билан 1903 йилда Самарқанд атрофидаги Ҳалвойи (С.Сиддиқий), Ражабамин (А.Шакурий) қишлоқларида янги мактаблар ташкил топди. Адиб бу мактаблар учун дарсликлар тузишга киришади. Кетма-кет «Рисолаи асбоби савод» (1904), «Рисолаи жуғрофияи умроний» (1905), «Рисолаи жуғрофияи Русий» (1905), «Китобатул-атфол» (1908), «Амалиёти ислом» (1908), «Тарихи ислом» (1909) каби китоблари пайдо бўлади.

Маърифат учун биргина мактаб кифоя қилмайди. Замон ва дунё воқеалари билан танишиб бормоқ керак. Миллат ва Ватаннинг аҳволидан, кундалик ҳаётидан огоҳ бўлмоқ лозим. Миллат учун ойна керак, токи ундан ўз қабоҳатини ҳам малоҳатини ҳам кўра олсин.

Мана шу эҳтиёж ва зарурат Беҳбудийни театр ва матбуотга бошлади. «Падаркуш» драмаси шу тариқа майдонга келди. Бироқ унинг дунё кўриши осон кечмади. «Падаркуш» драмаси 1913 йилдагина босилиб чиқади. Китоб жилдига «Бородино жанги ва Россиянинг французлар босқинидан халос бўлишининг юбилей санасига бағишланади» деган ёзув билан Тифлис цензурасидан рухсат олинади. Босилиб чиққандан кейин ҳам саҳнага қўйиш учун яқин бир йил вақт кетади.

«Падаркуш» – ўзбек драмачилигининг ҳамма якдил эътироф этган биринчи намунасидир. Мутахассислар уни ҳам жанр, ҳам мазмунга кўра янги ўзбек адабиётини бошлаб берган бир асар сифатида баҳолайдилар. Муаллиф «Миллий фожиа» атаган 3 парда 4 манзарали бу драма ҳажман ихчам, мазмунан ниҳоятда содда ва жўн эди. Ўқимаган боланинг бузуқ йўлларга кириб ўз отасининг ўлдиргани, нодонлик ва жаҳолат ҳақида эди.

1913 йилдан Беҳбудий матбуот ишлари билан шуғулланди. Апрелдан «Самарқанд» газетасини чиқара бошлади. Газета туркий ва форсий тилларда, ҳафтада икки марта, дастлаб икки, сўнг тўрт саҳифада чоп этилган. 45-сони чиқиб, моддий танқислик туфайли тўхтаган. Сўнг Беҳбудий шу йилнинг 30 августидан «Ойна» журналини чиқара бошлайди.

Бугун Беҳбудий кабилар муқаддас тутган юрт озод ва мустақил бўлди. Улар жон фидо этган истиқлол авлодларига насиб этди. Миллат ва Ватан мустақиллиги йўлида фидо бўлганлар эса шу Миллат ва Ватан умри қадар боқийдирлар.

Шерзод КАРИМОВ, Республика Маънавият ва маърифат маркази Уйчи туман бўлинмаси бош мутахассиси.