ҒАЛЛАКОРЛАР ЗАФАРИ

Уйчи тумани ғаллакорлари аҳдларига вафо қилган ҳолда 30 июнь куни шартномавий режани ортиғи билан адо этдилар.

6425 гектар ғалла майдонидан 46000 тонна дон йиғиштириб олинди. Шундан 20634 тонна дон сотилди. Бунинг 2940 тоннасини уруғлик дон ташкил қилади. Ҳосилдорлик 71 центнерданга тўғри келди. Бу ютуқда тумандаги 174 та ғаллачиллик йўналишидаги ҳар бир фермер хўжалиги аъзосининг фидойи меҳнатлари мужассам.

Етиштирилган мўл ҳосилни нобуд қилмай, қисқа вақтда йиғиштириб олиш учун пухта ҳозирлик кўрилди. 24 та ўрим отряди ташкил этилиб, мавжуд 24 та комбайн бириктирилди. Бугунги қувончли онларда намунали иш ташкил этиб, белгиланган марранинг эгалланишида жонбозлик кўрсатган 9, 14, 15-отрядлар раҳбарлари Раҳматилло Набиев, Валижон Болтабоев, Юсуфжон Нурматов, ушбу отрядларга бириктирилган комбайн операторлари Иброҳим Қўчқоров, Музаффар Холмирзаев, Бахтиёр Бекмирзаевлар номларини ҳурмат билан тилга оламиз.

«Уйчи Гулистон» ММТП ҳудудидаги 22 та фермер хўжалиги туманда биринчи бўлиб маррага етиб келган бўлса, «Қашқалдоқ Беруний», «Ғайрат Хонобод чашма булоғи» СИУ ҳудудидаги фермерлар 70-72 центнердан хирмон кўтардилар. Кейинги йилларда муҳтарам Юртбошимизнинг фермер ва деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатаётган ғамхўрликларидан илҳомланган бир қатор фермер хўжаликлари ҳам юқори натижаларга эришдилар. «Бирлашган соҳил бўйи», «Уйчи обод замини», «Машад соҳибкори», «Барногул зиё файз», «Гулистон лочин парвози», «Ер, сув, тириклик», «Миришкор Ғайрат обжувози», «Ғайрат дурдонаси» каби фермер хўжаликларида мўлжалдагидан кўп ҳосил олинди.

Режа юз, юзлар ёруғ бўлди, омборлар донга тўлди, даромад ҳам меҳнатга яраша бўлади. Ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинларни экиш ишлари ҳам жадал олиб борилмоқда. Ғаллачиликдаги ғалаба барчамизга муборак бўлсин!