«ҲЕЧ ҚАЧОН УЙИНГИЗ ЁНМАСИН!»
Жорий йилнинг 5 ойи мобайнида туманимизда 21 та ёнғин ҳодисаси қайд этилган бўлса, шундан 19 таси аҳоли турар жойларига тўғри келади. 2020 йилнинг 5 ойи даврида бу 21 тага тўғри келган. Агар ундан олдинги йилларга назар ташласак, у даврда ҳам ёнғинлар сонининг асосий қисмини аҳоли турар жойларидаги ёнғинлар ташкил этганига гувоҳ бўламиз. Ёнғинлар асосан иситиш ускуналари(печлар), электр жиҳозлари, очиқ оловдан фойдаланишда хавфсизлик талабларини бузиш ҳолатларидан келиб чиқмоқда.
Қуриш учун ер майдонлари ажратиш жараёнида (бу кўпроқ қишлоқ жойларига тааллуқли) ёнғинга қарши сув ҳовузи қуриш учун майдон қолдириш, йўлларни эса мавжуд махсус техникалар ҳаракатлана олиши ва лозим бўлганда, эркин бурилиб олиш имконини берувчи майдон қолдирилишини назарда тутиш мақсадга мувофиқ бўлади. Якка тартибда шахсий турар жой қуриш жараёнида қурилиш материалларини бозорлар ва қурилиш моллари дўконларидан харид қилинади, аммо ушбу материалларга тааллуқли, уларнинг тавсифлари ҳамда қўлланиш кўлами кўрсатилган ҳужжатларини, албатта, ҳеч ким талаб этмайди, чунки шахсий қурилиш бўлгани учун давлат назоратидан четда, мулкдор (уй эгаси) эса тезроқ уйни қуриб битказиш ташвишида бўлиб, натижада ишлаб чиқариш ёки бошқа махсус бино ва иншоотларда ишлатишга мўлжалланган пардозлаш ашёлари ошхона, меҳмонхона ва ҳаттоки ётоқхонани безаб туриши мумкин. Аммо ёнғин вақтида юқори ҳарорат таъсирида ушбу ашёлар ўзидан инсон ҳаёти учун хавфли заҳарли моддалар тарқатиши ва қутқарув ишларини қийинлаштириши, ҳаттоки фуқаролар ҳаётига зомин бўлиши мумкин.
Ёнғин содир бўлишининг 100 фоиз олдини олишнинг имкони йўқлигини эътиборга олган ҳолда, кўп хонали, ҳашаматли бинода ёнғинни пайқаш ва автоматик хабарлаш қурилмаларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Сўнгги йилларда шахсий уйларини ёнғинни пайқаш ва автоматик хабарлаш қурилмалари билан жиҳозлаш истагида бўлган фуқароларимиз сони кундан-кунга ошиб бораётгани қувонарли ҳолдир. Ушбу автоматик қурилмалар замонавий дизайнга эга бўлиб, содир бўлган ёнғин тўғрисида нафақат товушли хабар бериш, балки тармоқ орқали хабарни махсус хизматларга, ҳаттоки узоқ масофада қўл ёки хизмат телефонингизга ҳам юбориши мумкин.
Шерали НОСИРОВ, туман ФВБ НТБ бошлиғи, катта лейтенант.

